3200 нафар иштихонлик фабрикаларда ишлайди
Иштихонда O’zLiDeP вилоят кенгаши, вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда туман хокимлиги ҳамкорлигида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг кластер усулини жорий этишга бағишланган семинар ташкил этилди.
Партия фаоллари, депутатлар, фермерлар, томорқа ер эгалари иштирок этган тадбирда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда жорий этилаётган янги тизим, унинг аҳоли бандлиги таъминлашдаги аҳамияти, “Кластерга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг музмун-моҳияти хусусида сўз юритилди.
- Кластер жаҳон тажрибасида синовдан ўтган ва муваффақият қозонган усул, - деди туман хокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Алишер Садатов. – Шу боис Президентимиз томонидан бу борада тўққизта ҳужжат қабул қилиниб, иқтисодиёт тармоқларида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни кластер усулида ташкил этиш масаласига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Мисол учун, ўтган йил туманимизда кластер усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида суғориш тизими оғир бўлган 134,3 гектар суғориб ҳайдаладиган ер майдонидан ажратилиб тажриба ўтказилди. Ушбу майдонлардан 29,0 центнердан кўп ҳосил олишни иложи йўқ эди. Кластер усулига ўтгач, мазкур майдонларда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш эвазига гектаридан 42,0 центнердан ҳосил олишга эришилди.
Бу йил тумандаги 8595 гектар ғўза майдонлари “Мароқанд сифат текстил” МЧЖ кластерига берилди. Шундан 2 минг гектар майдонни суғориш тизими оғир бўлганлиги учун томчилатиб суғориш режалаштирилмоқда. Айни пайтда бу майдонларда томчилатиб суғориш ускуналари - тўплаш ҳавузлари, сув тортиш насослари, минерал ўғит эритиш ҳамда сувни тақсимлаш ускуналари ўрнатилмоқда. Қолган 6595 гектар ғўза майдонлари бўйича фермерлар ва “Мароқанд сифат текстил” МЧЖ кластери ўртасида контрактация шартномалари тузилди.
“Марақанд сифат текстил” МЧЖ кластери жорий йилда тўқимачилик ҳамда жинси ишлаб чиқариш фабрикаларини ишга туширишни мақсад қилган. Ушбу лойиҳалар 3200 та янги ишчи ўринлари яратиш имкониятини беради.
Семинар иштирокчилари пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш борасида туманида олиб борилаётган ишлар, амалий тажрибалар билан ҳам танишдилар.
Бахтигул ҚАРШИЕВА,
O’zLiDeP вилоят кенгаши матбуот котиби.