Бирламчи тиббиёт: Иштихонда қандай ўзгаришлар бўлади?

Шу йилнинг 7 май куни мамлакатимиз раҳбари раислигида тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида турган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда бирламчи тиббиёт соҳасида кутилаётган катта янгиликлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Ушбу янгиликлар қай тарзда амалга оширилиши айнан Иштихон тумани мисолида таҳлил этилди.
- Иштихондаги “Ўзбекистон” поликлиникасига 7 та маҳалла бириктирилган. Лекин 6 нафар оилавий шифокор 9 та штатни банд қилиб, юкламани эплай олмаяпти. Бу поликлиникада яна 6 та врач штати бўш, - деди Президент йиғилишда. - Кафолатланган пакетга зарурати пухта ўйланмасдан 90 турдаги дори киритилгани боис поликлиникага бунинг ярми ҳам келмаяпти. Поликлиникадаги лаборатория таҳлилини бирорта шифохона тан олмайди.
Самарқанд шаҳри, Булунғур туманида ҳам
Энг кўп мурожаат болалар касалликларига тўғри келгани билан, оилавий шифокорларда кўникма етишмагани учун улар педиатр вазифасини тўлиқ бажара олмаяпти. Туғруқ ёшидаги 9 минг аёл учун бор-йўғи 1,5 ставка гинеколог штати берилган.
Аҳолининг 35 фоизи юрак-қон томир, қандли диабет, ошқозон-ичак каби сурункали касалликларга чалинган. Бундай касалликларни эрта аниқлаш, профилактика қилиш ва асоратларини камайтириш бўйича тиббиёт бригадаларининг иши кўринмаяпти.
Масалан, Иштихондаги поликлиникага ва маҳаллаларга вилоятдаги кардиология, эндокринология ва она-бола марказлари, марказий шифохона врачлари бириктирилади. Улар маҳаллаларда юриб, аҳолини тўлиқ диагностикадан ўтказади, бириктирилган оилавий шифокорларга касалликларни эрта аниқлаш ва даволашни жойида ўргатади, даволаш ва диагностика бўйича янгича ёндашувларни поликлиникада жорий қилади.
Самарқанд тиббиёт университети профессор-ўқитувчилари, магистратура битирувчилари илмий ишларини шу ерга келиб ёзади. Йил якунида натижа бўлса, маҳаллага бириктирилган ушбу мутахассислар ойлигининг икки карраси миқдорида мукофотланади.
Президент айтилган янги тизимни жорий йилда Иштихон билан бирга Самарқанд шаҳри, Булунғур тумани ва қолган вилоятларнинг биттадан туманида, кейинги йилдан тўлиқ Самарқанд вилоятида, 2027 йилдан эса босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий қилишга топшириқ берди.
Айтиш керакки, Иштихон тумани мисолида таҳлил этилган мазкур мисол биргина ушбу туманга эмас, аксар ҳудудлардаги бирламчи тиббиёт тизимига тегишли. Айнан Иштихоннинг танқид этилгани туман аҳлига фойда бўлди. Аллақачон ушбу ҳудудда ўзгаришлар ҳақида бош қотирилаяпти, соҳанинг етакчилари туманга келиб, янги тизимни жорий этиш бўйича изланишлар олиб боришмоқда.
Узоқ кутилган янгилик
- Туманда 17 та оилавий шифокорлик пункти, 4 та оилавий поликлиника мақбуллаштирилади, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Баҳодир Абдураззоқов. - Бирламчи тиббиёт тизимидаги янги ўзгариш айнан Иштихон туманидан бошланиши туман тиббиётчиларига анча масъулият юклайди, лекин бу вазифани уддалаймиз. Негаки, бу жуда узоқ кутилган янгилик. 35 йилдан бери бирламчи тизимда фаолият кўрсатганман. Мудом оилавий шифокор танқислиги кузатилган. Бунинг сабаби аниқ, ярим ставка ишлайдиган шифокорлар мавжудлиги, ойлик-маошларнинг камлиги, қоғозбозлик кўп, иш юкламасининг катталиги. Бугунги кунда 105 нафар оилавий шифокор штати бўлган Иштихон туманида 60 нафар умумамалиёт шифокори фаолият кўрсатмоқда. Қолаверса, ушбу оилавий шифокорларнинг 50 фоизи нафақа ёшидаги ходимлар саналади. Бошқа иложимиз йўқ, ёшларни бу тизимда ишлашга мажбур этолмаймиз, ҳатто битирувчилар ҳам бир-икки йил ишлагач, шифохоналарга ўтиб кетадиган бўлишди. Мамлакатимиз раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишдан сўнг тизим умуман ўзгаради ва бирламчи тиббиёт тўла маънода аҳоли саломатлигига масъул муассасага айланади.
Эндиликда ҳудудда 12 мингдан кўп аҳолига хизмат қиладиган 7 та поликлиника фаолият кўрсатиб, қолган 27 таси кичик поликлиника сифатида қайтадан ташкил этилади. Туман марказий кўп тармоқли поликлиникаси туман шифохонасининг маслаҳат диагностика бўлимига айлантирилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига йил охиригача тиббиёт олийгоҳлари билан 15 та тумандаги 4 минг 700 нафар оилавий шифокор ва ҳамширани “Оила саломатлиги” дастури бўйича, раҳбарларни эса менежерликка ўқитиш вазифаси топширилди.
Гулруҳ МЎМИНОВА.