“5 муҳим ташаббус” фестивали ғолиблари тақдирланди
Самарқанд шаҳридаги давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “5 муҳим ташаббус” доирасида ўтказилган республика кўрик-танлов, фестиваль ва спорт мусобақаларининг вилоятдаги ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда иштирок этган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Шокир Султонов “5 муҳим ташаббус” бугун ўқувчи-ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда, уларнинг ўз иқтидорлари ва имкониятларини юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Тадбирда ғолиб ўқувчилар, уларнинг устозлари ва мактаб директорларига Халқ таълими вазирлиги томонидан ажратилган зарур жиҳозлар топширилди. Ўқувчиларнинг ижодий ишлари намойиши, ёш ҳаваскорлар ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга байрамона руҳ бағишлади.
- Мактабимиз мазкур фестивалнинг иккита йўналишида ғолиб бўлди, - дейди Каттақўрғон шаҳридаги 11-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби директори Озода Салимова. - Жумладан, "Театр санъати" йўналиши бўйича республикада 1-ўринни, "Уйга вазифа" йўналиши бўйича 3-ўринни қўлга киритдик ва Халк таълими вазирлигининг сертификат ҳамда фахрий ёрлиқлари билан тақдирландик. Яна бир муҳим томони, мактабимизнинг фаоллар залига микрофон, овоз кучайтиргич каби жиҳозлар, ноутбук, тикув машиналари, смарт-соатлар ва коптоклар совға қилинди.