5 ойда 17 мингдан ортиқ жиноят содир этилди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси маълумотига кўра, 2020 йилнинг дастлабки 5 ойида 17 271 та жиноят қайд этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 100 тага (41,9 фоизга) кўп демакдир.
Шу жумладан, безорилик ҳолатлари сони 2,5 баробарга (2019 йилда 153 та, 2020 йилда 385 та), фирибгарлик (2019 йилда 1 324 та, 2020 йилда 2 712 та), порахўрлик билан боғлиқ жиноятлар 2 баробарга ошган. Босқинчилик ва ўғирлик жиноятлари ҳам кўпайган.
Ҳудудлар кесимида жиноятларнинг ошиши Тошкент шаҳри, Фарғона, Самарқанд, Андижон ва Тошкент вилоятларига тўғри келади.
Масалан, жорий йилнинг ўтган 5 ойида Фарғона вилоятида 2 575 та жиноят қайд этилди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробар кўп демакдир. Ушбу ҳудудда ҳисобот даврида ўғирлик ва талончилик 2,5 баробарга ошган.