5 та автомашинани тунаган 4 нафар йигит ушланди
Муқаддам судланган 23 ёшли Э.Б. танишлари 22 ёшли Ф.М., 23 ёшли М.К. ва О.Т.лар билан жиноий тил бириктириб, 2020 йилнинг 27 июнь кунидан 5 июль кунига қадар бўлган вақт оралиғида, тунги вақтда Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳудудида 5 нафар фуқароларнинг турли русумдаги автомашиналари олд эшикларини бир хил усулда бузиб очишиб, автомашина ичидаги нарса-буюм ва нақд пулларни талон-торож қилиб, жами 12.410.000 сўм миқдорда моддий зарар етказганлар.
Олиб борилган тезкор-қидирув ҳаракатлари натижасида жиноятчилар процессуал тартибда ушланиб, улардан ўғирланган буюмларнинг бир қисми ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “в” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар беришича, дастлабки тергов жараёнида, Э.Б., Ф.М., М.К. ва О.Т.лар жиноят ишида айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жиноят иши айблов хулосаси билан тегишлилиги бўйича жиноят ишлари бўйича судга юборилган.