Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

55 йиллик меҳнат эътирофи

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Жўрақулова «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди. 

«Кўрмайин босдим тиконни», «Инсонликка номзод», «Чимилдиқ», «Майсаранинг иши», «Самарқанднома», «Афанди ва Азроил» «Имом Бухорий», «Бибихоним», «Жинни бўлиш ҳеч гап эмас», «Семурғ», «Қайнона», «Қуёш фарзанди Спитамен»даги роллари билан танилган истеъдодли актриса Р.Жўрақулова фаолиятини 1965 йилда вилоят драма ва мусиқа театрида бошлаган. Ҳозирга қадар ушбу театрда ролларни маҳорат билан ижро этиб келмоқда. У  истеъдодли актёр, тажрибали устоз. 

Президентимизнинг жорий йил 5 март куни имзолаган фармони билан бир гуруҳ фидойи, ташаббускор хотин-қизлар қаторида Раъно Жўрақулова ҳам «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.

- 55 йилдан буён театр ва санъат соҳасида ишлайман, - дейди Р.Жўрақулова. – Актёр томошабин қалбида яшаши учун ҳар бир ролга борини бериши керак. Албатта, бу осон бўлмайди, кези келганда йиғлаш, йиғлатиш, кулиш, кулдириш, ёмон ёки яхши бўлиш талаб этилади. Бунинг учун эса актёр ўша образда яшаши, фидойи бўлиши керак. Шундагина томашабин сизни ва ижодингизни ҳурмат қилади. Фаолиятим давомида нимага эришган бўлсам, ана шу меҳнатлар орқали эришганман ва шогирдларимга ҳам ўз устида ишлашларини кўп уқтираман. 

Аёл киши оиласининг бахти учун турмуш ўртоғи ва фарзандларининг кўнглига қараши, рўзғорини ҳам бут қилиши керак. Менимча, инсон учун бундан ортиқ бахтнинг ўзи йўқ. Иккита қизим бор, ҳаётда ўз ўрнини топган. Турмуш ўртоғимнинг вафотидан кейин мени ёлғизлатиб қўйишмади. Санъатда ҳам, оилада ҳам доим қўллаб туришди, фарзандларим билан фахрланаман ва энг бахтли онаман.