7-синф ўқувчиларининг касбга мойиллиги ва қизиқиши диагностикадан ўтказилади
Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев иштирокида брифинг ўтказилди.
Брифингда кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида белгиланган ёшларни қўллаб-қувватлаш, хусусан ёшларни меҳнат бозорига ва келгуси ҳаётга мактабдан тайёрлаб бориш вазифалари ижроси юзасидан маълумотлар тақдим этилди.
Жорий йилда умумтаълим мактабларини 450 мингдан ортиқ ёшлар битиради. Шундан бир қисми олий таълим муассасалари, коллеж ва техникумларга қамраб олинган тақдирда ҳам 170 мингдан ортиқ ёшларнинг бандлигини таъминлаш вазифаси мавжуд.
2020/2021 ўқув йилидан ёшларни мактабдан бошлаб ҳаётга тайёрлаш ва касбга ўргатиш масаласига комплекс ёндашув белгиланмоқда.
Бу жараён икки йўналишда амалга оширилади:
👉 жорий қилинаётган янги “Тарбия” фани орқали ёшларга юқори мақсадларга эришиш бўйича мотивация бериш, ўз устида доимий ишлашлари зарур эканлиги тарғиб этилади;
👉 уларни қизиқиши ва қобилияти орқали касбга йўналтириш ишлари ташкил этилади.
Бунинг учун:
🔹 7-синфдан мактаб ўқувчиларининг касбга мойиллиги ва қизиқиши диагностикадан ўтказилади;
🔹 8-9-синф ўқувчилари дарслар давомида замонавий, истиқболи бор бўлган касблар билан таништирилади ва уларни эгаллаш учун пойдевор вазифасини бажарувчи билим ва кўникмалар шакллантирилади;
🔹 10-синфдан бошлаб давлат ва нодавлат касбга ўргатиш марказлари билан ҳамкорликда, анъанавий касблар билан биргаликда замонавий, бозорда талаб юқори касбларга ўргатилади.