9 апрелдан тўлов ҳужжатларига жисмоний шахслар СТИР ўрнига ЖШШИРни киритади

Мижозлар томонидан банкларга тақдим этиладиган тўлов ҳужжатларини расмийлаштиришга қўйиладиган талабларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилганди.

Ушбу ўзгартиришлар жорий йилнинг 9 апрелига қадар босқичма-босқич, ундан сўнг тўлиқ татбиқ этилиши режалаштирилган.

Мазкур ўзгартиришлар амалиётга жорий қилингандан кейин барча тўлов ҳужжатларида тўловчи – жисмоний шахсларнинг СТИРи (солиқ тўловчининг идентификация рақами) ўрнига, тўлов ҳужжатининг “тўловчининг идентификация рақами” деб номланган реквизитида уларнинг ЖШШИРи (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами) кўрсатилиши мажбурий ҳисобланади.

Шу муносабат билан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар (шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар) тўловни амалга ошириш мақсадида тўлов ҳужжатларини расмийлаштираётганда ўзларининг ЖШШИРлари тўғри ва тўлиқ киритишлари зарур.

Шунингдек, барча хўжалик юритувчи субъектлар ҳам тўлов талабномалари ва инкассо топшириқномаларини расмийлаштиришда контрагентлар – жисмоний шахсларнинг ЖШШИРлари тўғри киритилаётганига эътиборли бўлишлари сўралган.