9 ойда Самарқандда ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олувчилар 68,3 мингга ошган
Матбуот уйида Самарқанд вилояти молия бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ойбек Оқбўтаев иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Брифингда Президентимиз томонидан коронавирус пандемиясининг иқтисодий тармоқларга салбий таъсирини юмшатиш, аҳоли ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш юзасидан қабул қилинган қарор ва фармонларнинг ижросини таъминлаш борасида молия бош бошқармаси томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берилди.
Пандемия даврида фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳоли даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш ҳамда республика иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, вилоят ҳокимлиги томонидан мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда 2020 йилни сифатли якунлашга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Вилоят молия бош бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида маҳаллий бюджет ижросини сифатли таъминлаш борасида қатор чоралар амалга оширилди.
Шу даврда вилоят маҳаллий бюджетининг харажатлар қисми 94,9 фоизга ижро этилиб, 2 триллион 618,9 миллион сўмлик харажатлар амалга оширилди. Ижтимоий-маданий тадбирлар учун 1 триллион 883,1 миллиард сўм маблағ молиялаштирилди. Бу жами маҳаллий бюджет харажатларининг 72 фоизини ташкил қилади.
Жумладан, халк таълими соҳасига 226,8 миллиард сўмлик, мактабгача таълим соҳасига 90,9 миллиард сўмлик, соғлиқни сақлаш соҳасига 1062,9 миллиард сўмлик харажатлар амалга оширилди. Жорий йилнинг 1 октябр ҳолатига вилоятда 2 ёшгача нафақа олувчи оналар сони 58,081 нафарни, 14 ёшгача нафақа олувчи оилалар сони 68,209 ва моддий ёрдам олувчи оилалар сони 15,014 тани ташкил қилади. Ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони бугунги кунда 141,304 нафарни ташкил қилиб, ўзини-ўзи бошқариш органлари орқали 425,3 миллиард сўм маблағ тўлаб берилди.
Йил бошида ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 73 мингта бўлган бўлса, 9 ойда улар сони 68,3 мингтага кўпайди ёки 206,8 фоизга ошди.