Абдул-Мўмин Сатторий ким бўлган?

Ўтган асрнинг 20-йилларида Республика пойтахти мақомига эга бўлган Самарқанд ўзининг қайноқ адабий муҳитида кўплаб илм-фан, ижод кишиларини бирлаштирган, ёш истеъдодларни кашф этганди. Шу даврда машҳур ижод аҳли билан бирга, эндигина илм, ижод оламига кириб келаётган иқтидорли ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил этган. Уларнинг аксарияти улуғлар соясида қолган ёки умумий қатағон қурбонига айлангач, номлари деярли унутилган.

Улар орасида устоз ва дўстларининг эътибори ва ҳурматини қозонган Абдул-Мўмин Сатторий оғир хасталик туфайли бевақт вафот этган эди.

Замонасининг истеъдодли ижодкорларидан бўлган Абдул–Мўмин Сатторий номи фақат “Самария” асари таржимони сифатида эсланади. Зеро, Сатторий томонидан форс тилидан ўзбекчага ўгирилган ушбу асар унинг номини тарих саҳифасига муҳрлаган эди.

“Самария” 1844-1848 йиллар оралиғида самарқандлик муфтий Абу Тоҳирхожа томонидан ёзилган. Тарихий жиҳатдан катта илмий аҳамиятга эга бўлган бу асар “Самарқанд шаҳрининг бино қилиниши бу от [Самарқанд] деб аталишининг сабаби ҳавосининг хосияти, ерининг тузилиши, тоғлари, ғорлари, булоқлари, масжид ва мадрасалари, қабр ва мозорлари аломатларини белгилаш баёнида” эканлигини Садриддин Айний асарнинг сўзбошисида таъкидлаб ўтади.

Бу қимматли асарни 1921 йил Абдул-Мўмин Сатторий форс тилидан ўзбекчага таржима қилади ва бир қисмини “Инқилоб” журналида чоп эттиради. Лекин манбанинг қолган қисми таржимоннинг бевақт вафоти боис нашр этилмай, мусаввада (қўлёзма) ҳолида қолади. Ўзбекистон Маориф комиссарлигининг илмий марказ қўмитаси бу асарни китоб ҳолида чоп этиш масаласини Садриддин Айнийга топширади. Устоз Айний таржимон фойдаланган нусха билан қўлида бўлган бошқа нусхани қиёслаб текшириб, таржима матнини қайта ишлайди.

“Сатторий томонидан қўшилғон маълумотларни ўз имзоси билан ҳошияға кўчурдим. Сатторий таржумасида бўлуб, меним қўлумдағи «Самария»да бўлмағон. Лекин «Самария»нинг бошқа бирон нусхасидан олинғони билинуб турғон маълумотларни икки ёй чизғиси (хатти қавсайн) аросида олиб, ўз ерида қолдурдим. Китобнинг асл мафҳумини онглатишга зарар келтурмайтурғон ерларда Сатторий услубидан бир намуна бўлсун, деб онинг таъбирларини бузмадим... Бу ишларнинг натижасида китобнинг аслига кўра, эллик фойизга яқин бир нарса ҳошияда ёзилди”- деб изоҳ беради Садриддин Айний.

Сатторий амалга оширган, устоз Айний таҳрир ва қўшимчалар киритган ушбу манба китоб шаклига келтирилиб, асар сифатида сақлаб қолингани муҳим, албатта.

Абдул-Мўмин Сатторий таржимаи ҳоли, фаолиятини ўрганиш мақсадида олиб борган суриштирувлар афсуски, натижа бермади. Шундай бўлса ҳам бу ёш иқтидор соҳибининг бир нечта шеърлари Вадуд Маҳмуднинг шахсий архивида сақланиб қолгани маълум бўлди. Чиройли ҳуснихатда, тартиб билан ёзилган етти саҳифадан иборат қўлёзма матни муаллиф дастхати экан. Бунга Вадуд Маҳмуд томонидан биринчи саҳифадаги “Умидсизлик” номли шеърнинг юқори қисмида “Дастхати Абдул-Мўмин Саттори(й)” шаклидаги ёзув билан аниқлик киритилган. Бу матнларнинг иккитаси насрий шаклда, қолган беш саҳифаси назмда битилган.

Маълумки, Вадуд Маҳмуд ўз даврининг кўзга кўринган танқидчиларидан эди. Шу сабабли Абдул-Мўмин Сатторий шеърларидан бир нечтасини унга таҳрир учун ёки унинг фикрини билиш мақсадида берган деб тахмин қилиш мумкин. Негаки, баъзи шеър матнларида бир сўз устидан ўчирилиб, бошқа рангдаги сиёҳ билан тузатишлар киритилгани кузатилади. Оғир хасталик сабаб навқирон ёшда оламдан ўтган Сатторийнинг сақланиб қолган шеърлари “Умидсизлик”, “Лайлат ул-қадр”, “Фарғонада очлиқ”, “Ўй”, “Туш”, “Тоғдаги булутлар” сингари номлар билан алоҳида саҳифаларда ёзилган. Номидан англашилганидек, мавжуд шеърларида ўзининг ички ҳис-туйғулари, касаллиги боис умидсизлик кайфияти ва ўша давр жадид ижодкорларига хос бўлган Ватан тақдиридан безовталик, халқ бошидан кечаётган оғир ижтимоий-сиёсий воқеаларга муносабати акс этган. 

Зебо ХУРРАМОВА,

СамДЧТИ ўқитувчиси.

Қуйида Абдул-Мўъмин Сатторийнинг бир нечта шеърларини ҳукмингизга ҳавола этамиз.

Умидсизлик
Не деяйин – қўлимда куч қолмади,
Кўзим нури тўкилибдур, кетмишдур.
Сўнгакларим бутунлай ишдан чиққон,
Юрагим-да тебранишдан қолмишдур.
Томурларим қонларимни бўшатғон,
Оёқларим юрумоқдин қолмишдур.
Ўйлав билан тушунмадик нарсалар
Бу миямда сиғмас бўлуб қолмишдур.
Дамим олиб тик турмоққа тиришсам
Оёқларим, қўлим қотиб қолмишдур.
Оҳ! Кўзларим қароқия ёш айланди
Умидларим узулди-да қочмишдур.
Ора-чора билмам қандай бир нарса,
Миям билан кўзларимни жалб этар.
Лекин унинг не эканин билмадим
Онгламайин тонг қолиб ўлуб кетдим.

Лайлат ул-қадр
Қаро қошли оппоқ юзли бир малак,
Кўзларининг нури, қарашлари билан
Оппоқ кийимга ўралиб
Оқ булутлар орасидан Ой сори
Юлдузларни бир-бир босиб кетадур.
Қанотлари виқор билан, савлат билан очилғон,
Қилиқлари жоним узар кўкламдайин.
Алангалик нозик ҳислар туғдурар
Нур чашмаси бўлғон кўкрагига,
Қизил гул ўрнида қизил юлдуз тоққон
Нур дарёси манбаи, этагидаман,
Ҳар томон ерга қараб оппоқ йўллар чизилғон.
Ойдинлиқ – ҳусни илоҳи, борча Худо
Тиз чўккан унга қорши, таъзимда.
Мен-да ориқ, титрак қўлларимни узатиб
Ҳасратлик ва умидлик кўзим билан
Таъқиб этар эдим йўлини.
Қамашади кўзларим.
Этагини ушламакка унғурдим,
Тун, қоронғулуқ мени етишмакка қўймайдур!
Узайиб кетган этагини
Ушлай-ушлай деганда
Оралиқда ҳайрон қолдим муаллақ.

Туш
(Ўртоқ А.Инъом ўғлиға)
Булут қоплади ёруқ дунёни
Қоронғу босди ер бирла кўкни.
Қулдуроми қоқиб чоқин чоқмоқда,
Даҳшат қоронғулиқ қилич отмоқда!
Ёлқунланиш бу қиличдан эмди,
Чиққан олов-да милтиқдан энди.
Аланга билан ёлқун остида
Бошлар тушарди қонлар ичига.
Узоқдан келур гум-гум товушлар
Ҳеч эшитилмаган кучлик шовқунлар...
Титрадим, юрагим ура бошлади
Кўзим қароқди... йиқилаёздим.
Шул чоқ йироқда ойдинлик кўрдим,
Яхши иш билан тўғри йўл сездим.
Бирдан бир товуш туюқсун шовқун
Мени шоширди кетдим ўзимдан...
.......................................................
Билмадим қачон уйғонғонман
Қоронғулуқдан ойрилғонимни...!

Фарғонада очлиқ
Есир хотун, ўксуз икки-уч бола,
Юрти қолғон қаерларда, кимсасиз
Девор таги бир бурчакда кўчада
Бир-бирига ўралиб ўлтурублар.
Ҳолсизланғон икки бола чўзулган,
Бирисини она қўлида тутқан.
Ўтган-кетган кишиларга кўрсатиб
Худои хайр берсун ҳой яхшилар, деб
Ўлтурубдур юришга куч қолмағон
Чунки энди беш кундур ҳеч емаган.
Кўз ёшлари чўккан чоғи устидан
Анча оққон энди келмас, узулган.
Аввалдаги ювуб таралған сочлар
Анча кундур эсга келмай қолғонлар.
Аввалдаги озодалиқ, тозалиқ
Нозуккина муомала, кўркумлик
Ўз ўрнини дўққилиқ, чиркинликка
Ташлаб кетган ёмонлиққа, хўрлиққа.
Қанча бўлар бу гуноҳсиз юраклар
Фиғон чекиб оҳу воҳда яшалар,
Тинглайдурғон одам қолмамиш, чунки
Оро йўлда қолғон эмас бир киши.
Бутун қишлоқ, бутун шаҳар, мамлакат
Очлуқ аро инграб ўлуб ётадур.
Емакка ҳеч бир нарса йўқ, унмаган
Буғдой ҳам йўқ, арпа ҳам йўқ, ўсмаган.
Очлиқ шунча ёмонлашиб кетдики,
Кўб оналар боласин ташлаб кетди.
Оталар-чи, хотун-болаларини
Қачонлардур қўюб кетиб йўқолди.
Борча ўксуз қолғон болалар,
Борлиқ есир қолғон хотунлар.
Бутун хароб бўлған қишлоқлар,
Чаппа очлиқ аро қолғон инсонлар.
Қўлларини бизлар сори кўтарган,
Кўнгли билан худосиға сиғинған,
Биздан инграб кўмак сўраб ётадур.
А, тангрисидан раҳмат сўрайдур.
Орқадошлар, оғайнилар, ўртоқлар
Бизга томон сузулғондур пок қўллар,
Ёрдамлашинг чунки сиздан сўрайдур
Ҳамият ҳам сиздан шуни истайдур!

         Абдул-Мўмин САТТОРИЙ.