Афғонистонда юз берган кўнгилсиз воқеа оқибатида Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлмаган

Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида 2020 йилнинг 20 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг Афғонистон Ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтгани айтиб ўтилди.

Вазирлар Афғонистоннинг Балх вилоятида 20 август куни содир бўлган “Сўғдиёна транс” шўба корхонаси вакилларига қуролли ҳужум ҳодисасини муҳокама қилганлар. Ҳаниф Атмар мамлакатнинг ваколатли органлари томонидан воқеа тафсилотлари синчковлик билан текширилаётгани ва унга алоқадор шахслар жавобгарликка тортилишини таъкидлаган.

Ўзбекистон томони Афғонистонда фаолият юритаётган Ўзбекистон компаниялари ва корхоналари ходимлари учун хавфсизлик чоралари кучайтирилишини сўраган.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти баёнотига кўра, 20 август куни “Сўғдиёна транс” шўба корхонаси ишчи-ходимларини иш жойига олиб кетиш учун келган корхона координация бўлими бошлиғи ўринбосари, ҳайдовчи ва Афғонистон Ички ишлар вазирлигининг темир йўлни қўриқлаш батальони аскари Хайратон ишчилар яшаш базасидан чиқишган. Шундан сўнг, темир йўлнинг тахминан 43 километри яқинида уларга номаълум шахслар томонидан қуролли ҳужум уюштирилган. Ҳужум оқибатида корхона координация бўлими бошлиғи ўринбосари жароҳат олган, икки нафар Афғонистон фуқароси (Ички ишлар вазирлигининг темир йўлни қўриқлаш батальони аскари ва бир нафар ҳужум қилган номаълум шахс) ҳалок бўлган.

Жароҳат олган корхона координация бўлими бошлиғи ўринбосари корхонага тегишли автомашинада Термиз шаҳридаги касалхонага етказилган.  Бугун – 21 август соат 07:00 дан Ҳайратон станцияси ўз ишини давом эттириш учун очилган.