Афв - инсонпарварлик ва бағрикенглик ифодаси

Кечиримлилик, меҳр мурувват, халқимизга хос азалий одат. Адашиб, нотўғри йўлга кириб қолган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноий оқибатларини тушуниб етган бир гуруҳ шахсларнинг келгусидаги ҳаёт йўлларида улкан имкониятлар яратиш суд-ҳуқуқ соҳасида инсонпарварлик тамойилига асосланган ислоҳотлардир.
Юртбошимизнинг 2020 йил 4 декабрдаги “Озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига асосан, жазони ўташ жойларида жазо ўтаётган бир гуруҳ маҳкумлар афв этилиб, жазодан озод қилинди. Самарқанд вилоятида ҳам бу хайрли иш давом эттирилди. Вилоятдаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаб келаётган 8 нафар қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларга нисбатан афв эълон қилиниб, уларнинг 5 нафари жазодан озод қилинди. 3 нафарининг жазоси ярмига қисқартирилди.
3 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган К.Маннанов ўталмай қолган салкам 1 йиллик жазодан Президент фармонига асосан муддатидан илгари озод қилиниб, оиласи, 2 нафар вояга етмаган фарзандлари бағрига қайтди.
Эндигина 23 ёшни қарши олган пайтда жиноят содир этиб, 4 йилга озодликдан маҳрум қилинган А.Жакбаров ҳам ўталмай қолган 2 йил 4 ой жазодан муддатидан илгари озод қилинди.
Бугун улар ушбу фармонга асосан ўталмай қолган жазодан озод этилиб ёки жазоси енгилроғига алмаштирилиб оиласи бағрига қайтарилди. Бу эса нафақат ушбу жазодан озод қилинган шахсларга, балки уларнинг оиласига, фарзандларига ҳам чексиз қувонч улашди.
Ғолиб АБДУРАҲМОНОВ,
Самарқанд вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи.