Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Академик Бобомурод Аҳмедов: Ойдаги лимонни Ердан туриб кузатиш мумкин

Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, академик Бобомурод Аҳмедов иштирокида бўлиб ўтган учрашувда талабалар шу ва бошқа қизиқарли маълумотларга эга бўлди.

- Кейинги йилларда эришилган натижаларга қараб, хусусан, астрономия ва астрофизикада буюк кашфиётлар даври келди, деб бемалол айта оламиз, - дейди академик Бобомурод Аҳмедов. – Ҳозир 100 миллиард атрофида галактика ва ҳар бир галактикада тахминан 200 миллиардга яқин юлдуз борлиги аниқланган. Уларнинг атрофида қанча сайёра ҳаракатланиб юрганини аниқлаш эса жуда мушкул. Бугун ҳаётимизга юқори технологияларнинг кириб келиши, ҳар томонлама мукаммал асбоб-ускуналарнинг яратилиши натижасида коинот билан боғлиқ янги-янги сирлар очилмоқда. Ҳатто, шундай телескоплар борки, Ойнинг устига лимонни қўйиб, Ердан туриб кузатиш имконини беради.

Академик тадбирда илм, фан янгиликларидан ташқари ўзи талаба бўлган даврларни ҳам эслаб ўтди.

- Марказий Осиёнинг энг қадимий илм даргоҳи бўлган Самарқанд давлат университетида ўқиганимдан фахрланаман, - деди у. - Мен ўқиган йилларда муҳит бошқача эди. Университетнинг ҳозирги биносини кўриб одамнинг ҳаваси келади. Университет кўчасидан ўтганимда, наҳотки мен ўқиган университет шу бўлса, деб ҳайратланиб қоламан. Ҳеч қачон бунақа шароит бўлмаган. Сиз, ёшлар энг яхши даврда ўқияпсиз. Ўқинг, изланинг. Маррани эгаллаш ўзингизга боғлиқ.

Тадбирда университет проректорлари, профессор-ўқитувчилар ҳам иштирок этиб, бу учрашув талабалар учун муҳим маҳорат дарси эканлигини эътироф этди.

Учрашув сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олди.

***

Худди шундай учрашув Нуробод шаҳарчасида ҳам ўтказилди. Унда туман маҳаллалари фаоллари, ўқитувчи ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди.