АКТ вазири ҳамда бош вазир маслаҳатчисининг ишдан олингани расман тасдиқланди
3 ноябрь куни ижтимоий тармоқлар блокланиши ортидан “Ўзкомназор” бошлиғи Ғолибшер Зияевнинг ишдан олингани ҳақда хабар берилганди.
Шунингдек, мазкур воқеалар фонида кеча, 4 ноябрь куни оммавий ахборот воситаларида АКТ вазири Шуҳрат Садиков ва бош вазир маслаҳатчиси — IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаровнинг лавозимидан озод этилгани ҳақда хабарлар тарқалган эди.
Мазкур хабар бугун расман тасдиқланди. Президент Фармонига биноан АКТ вазири, ҳуқумат қарорига биноан эса Бош вазир маслаҳатчиси вазифасидан четлатилгани эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 3 ноябрь куни «Ўзкомназорат» томонидан Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига қўшилган ижтимоий тармоқлар (Telegram, YouTube, Instagram, Facebook ва «Одноклассники») фаолияти чеклаб қўйилиши эълон қилинганди. Бу эса интернет оламида катта шов-шув келтириб чиқарган ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Президент аралашувидан сўнг ўша куннинг ўзидаёқ тармоқлар фаолияти тикланди, соҳага алоқадор масъуллар вазифасидан озод этилди. Бироқ фаоллар муаммога ҳали бутунлай ечим топилмагани айтмоқда. Мазкур чекланишларга асос бўлган шахсга доир маълумотларга бўйича янги қабул қилинган меъёрий ҳужжат ҳамон ўз кучида экани тармоқ фойдаланувчиларини хавотирга солмоқда.