Вазирликларнинг бир-бирига қарши жавоблари кўп кузатилади
Хабарингиз бор, парламент Қонунчилик палатасига Самарқанддан сайланган депутатлар билан туркум суҳбатлар бериб борилмоқда. Бу галги суҳбатимиз 1977 йилда Паст Дарғом туманида туғилган, 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини тугатган “Адолат” СДП аъзоси Шуҳрат Полвонов билан бўлиб ўтди.
- Шуҳрат ака, суҳбатимизни ҳамкасбингиз Гулбаҳор Саидғаниева билан ҳукуматдан тиббиёт ходимларининг ойлигини ошириш, иш ҳақи миқдорларини қайта кўриб чиқишни сўраганлигингиз билан бошласак. Бу масалани кўтаришга нима сабаб бўлганди?
- Рости, ўтган йил коронавирус пандемияси сабаб жамиятимиз ижтимоий ҳаётида юзага келган ҳолатлар бу масалага эътибор қаратишимизга сабаб бўлди. Негаки, бу синов даври нафақат юртимиз, балки бутун инсониятга қадриятлар моҳиятини англашда муҳим бир туртки сифатида таъсир қилди. Карантин эълон қилинган кунларнинг дастлабки босқичида “жон ширинлиги” эффекти одамларни қандай кўйларга солганлигини, ҳамма шифокорлар оғзига қараб қолганлигини ҳеч ким эсидан чиқармаган бўлса керак.
Шу боис, қонун чиқарувчи орган вакили сифатида тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тизимини танқидий тартибда қайта кўриб чиқиш, бунда асосий эътиборни тиббиёт ходимининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори бажарилаётган ишларнинг мураккаблиги ва юкланмаси даражасига ҳамда кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатига боғлиқ ҳолда бўлиши лозимлигига қаратдик.
Сўровга ижро ҳокимиятининг муносабати қониқарсиз
- Бугунги кунда ҳам мазкур масалада айтарли ўзгариш бўлгани йўқ. Қонун чиқарувчи ҳокимият вакили сифатида ижро ҳокимиятининг сўровларингизга бефарқлигини қандай баҳолайсиз?
- Фикрларингизга қўшиламан, ўтган даврда ижро ҳокимияти томонидан тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тизимини такомиллаштириш борасида арзирли ўзгаришлар амалга оширилди, деб айта олмаймиз.
Тан олишимиз керак, бу борада ижобий ишлар ҳам бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги қарори билан тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ходимларига махсус рағбатлантириш тўлови белгиланди. Бу “фронтда” фидокорона хизмат қилган тиббиёт ходимлари учунгина маълум маънода қувватлов бўла олди.
Энди парламент аъзолари сўровига ижро ҳокимиятининг муносабатига тўхталадиган бўлсак, вазиятни қониқарсиз, деб баҳолаган бўлардим. Сайловчилар, аҳоли томонидан кўтарилган масалаларни ҳал этиш бўйича мурожаатларимизга юзаки жавоблар билан бир вақтда, турли вазирликларнинг бир-бирига қарши жавоблари ҳам кузатилади.
Ижро ҳокимиятининг ваколат ва имкониятлари бошқа ҳокимиятларникидан юқори
- Умуман, бу нарса яққол кўзга ташланиб қоляпти, назаримда – ижро ҳокимияти суд ва қонун чиқарувчи ҳокимиятга нисбатан жамият ҳаётида роли кенгроқ. Ўзаро тийиб туриш тамойиллари, бир-бирини назорат функцияларини амалда ишлаши учун нима етишмаяпти, деб ўйлайсиз? Ваҳоланки, давлат раҳбари бу ҳақда бир неча марта ўз фикрларини билдирмоқда.
- Тан олиш керак, бугунги кунда ижро ҳокимиятининг халқ, давлат ва жамият ҳаётидаги роли жуда кенг. Менимча, бу ижро ҳокимиятига берилган ваколатлар ва имкониятлар юқорилиги билан боғлиқ.
Тўғри, парламентни давлат аҳамиятига молик масалаларни кўриб чиқиш борасидаги ваколатлари доираси ҳам анча кенгайди. Жумладан, “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва бюджетномани кўриб чиқиш, Бош вазир ва ҳукумат аъзоларини тайинлаш (сайлаш), Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва навбатдаги йил учун назарда тутилган асосий устуворликлар тўғрисидаги маърузаси ҳамда Давлат дастури бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботи, ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахбороти ҳамда уларнинг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш («ҳукумат соати») институтлари жорий қилинди.
Бироқ фикримча, парламентдаги бу жараёнлар ҳали ҳам кўпроқ формал тусга эга бўлиб қолмоқда. Шу боис, мавжуд ҳолатни таҳлил қилиб, илмий асосланган ҳолда Қонунчилик палатасининг қўмиталари ролини кучайтириш керак, деб ҳисоблайман.
Дори воситаларини рўйхатга олиш тартиби коррупциоген омиллардан холи эмас
- Сайловолди дастурингизда коррупцияга қарши курашиш асосий ўрин тутади. Жумладан, сиз нурободлик сайловчиларингиз билан учрашувда ҳам давлат бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятида қонунийлик бўлиши учун назоратни кучайтириш кераклигини билдиргандингиз.
Ўтган давр мобайнида бу борада айнан ўзингиз ёки парламент қуйи палатаси қандай ўзгаришларни амалга ошира олди? Сайловчилар буни нималарда кўриши мумкин?
- Авваламбор, парламентнинг ўзига хос функцияларидан келиб чиқиб коррупцияга қарши кураш бир неча йўналишларда олиб борилади.
Энг асосий йўналиш бу қонун ижодкорлиги йўли билан коррупцияга қарши курашиш. Бу борада “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” махсус қонун қабул қилингани, ўтган йилда судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этишга оид қонун мисол бўла олади. Яқинда эса ер участкаларини олиб қўйиш ваколатини ҳокимликлардан олиб, маҳаллий кенгашларига беришга оид қонунни қабул қилдик.
Қонун ижодкорлигидаги яна бир масала бу – қонунларнинг ўзини коррупциоген нормалардан холи этиш. Ўтган давр мобайнида коррупциоген нормаларнинг 10 дан ортиғи қонун лойиҳаларидан чиқарилди. Агар коррупциядан холи бўлмаса қонуннинг ўзи ҳам қайтариляпти. Масалан, яқинда судларнинг маъмурий ишларни кўриб чиқиш билан боғлиқ айрим ваколатларини ички ишлар органларига ўтказишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси депутатларимиз томонидан коррупциоген, деб топилди ва қайтарилди.
Яна бир фаолият йўналишимиз - парламент назорати, бунда мансабдор шахсларнинг ахборот ва ҳисоботини эшитамиз. У ёки бу мансабдор шахснинг бевосита коррупцияга қарши курашиш мавзусида 3 та вазирлик ва идора раҳбарларининг ахбороти эшитилган. Масалан, соғлиқни сақлаш тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича ўтказилган эшитув давомида дори воситаларини рўйхатга олиш тартиби коррупциоген омиллардан холи эмас, деб топилди.
Яъни дори воситаларини рўйхатга олиш бўйича амалдаги низомга мувофиқ, рўйхатга олувчи орган тақдим этилган ҳужжатларда арзимаган камчиликларни аниқлаган тақдирда ҳам ҳужжатларни 5 ой ушлаб туриб, кейинчалик рад этиши мумкин. Шу сабабли рўйхатга олиш рад этилганда, 2 поғонали тизимни жорий қилишни таклиф этдик. Агар ҳужжатларда камчилик бўлса, уни 10 кундан кечиктирмай, лаборатория текширувлари билан боғлиқ бўлсагина уни кечроқ муддатда рад этишни сўрадик. Бугунги кунда амалдаги низомга ўзгартиш киритиш борасида лойиҳа тайёрланиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.
Шунингдек, вазирлик тизимида ишга қабул қилиш, ордерлар беришда шаффофликни таъминлаш мақсадида “Соғлиқни сақлашни молиялаштириш тизимининг самарадорлигини ошириш ва бозор механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси ҳамда “Тиббий ёрдам кўрсатиш даражасига боғлиқ равишда шифохонага ётқизишга кўрсатмаларни аниқлаш жараёнига ахборот-технологиларини жорий қилиш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Албатта, бу йўналишдаги ишларимиздан тўлиқ қониқиш ҳосил қилганмиз, десак ҳам хато бўлади. Фаолиятимизни янада фойдали ва самарали ташкил этиш, имкониятларимиздан кенгроқ фойдаланишимиз керак, деб ҳисоблайман.
«Навбатдаги дастур асосида ҳал этилади», деган бир парча қоғоз
- Яқинда Самарқандда бўлганингизда Паст Дарғом туманидаги 88-мактаб учун спорт зали кераклиги, Машъал ҳамда Гулистон маҳаллаларида ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш, электр энергияси таъминотини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, мактабгача таълим ташкилоти, спорт майдончалари зарурлигига гувоҳ бўлгансиз.
Айтингчи, бу муаммоларни ҳал қилиш учун қандай чора-тадбирларни амалга оширдингиз? Қайд қилинган масалаларни қанча муддатда ҳал қилиш мумкин, деб ҳисоблайсиз?
- Сайловчилар томонидан билдирилган, ҳал этилиши ижро ҳокимияти ва маблағга бориб тақаладиган муаммолар - депутатлик фаолиятимдаги энг оғриқли ҳолатлар, деб баҳолаган бўлардим. Ёрдам қилишни истайсиз, югурасиз, мансабдорлар эшикларини тақиллатиб, муаммони тушунтирасиз, охири «навбатдаги дастур асосида ҳал этилади», деган бир парча қоғоз тутқазишади.
Сиз айтиб ўтган масалалар бўйича ҳам туман ҳокимлигига ва республиканинг мутасадди идораларига мурожаатлар чиқардик, лекин ижро ҳакимияти «авзойига» қараганда бу масалаларни ҳал этишнинг аниқ муддатини айтиш қийин.
Биласиз, мен сайланган сайлов округи асосан Нуробод тумани ва Паст Дарғом туманининг бир қисмини ташкил қилади. Юқорида қайд қилинган аччиқ тажрибалардан келиб чиқиб, жорий йил март ойидан сайловчилар муаммолари билан ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш бўйича ишларни бошладик. Бу борада ўрни келганда батафсил ахборот бериб борамиз.
Қандай «Адолатли депутат» бўлган?
- Давлатимиз раҳбари айни пайтдаги парламентга биринчи мурожаатида саноқли депутатларнинг фаоллигини, шу жумладан, Сизни ҳам эътироф этганди. Жорий йилда Қонунчилик палатаси томонидан Сизга «Адолатли депутат» мақоми берилди.
Қайси меҳнатларингиз эвазига шу мақомга лойиқ топилдим, деб ўйлайсиз?
- Мен халқ вакили деган даражага эришганимнинг ўзи юксак бир мақом, деб ўйлайман. Сайловчилар томонидан билдирилаётган масалалар ечими бўйича ҳаракатларимиз, парламент назоратига доир масалалар ва қонун лойиҳалари муҳокамалари давомида ҳам умуман бирон бир эътироф ёки мақомга эга бўлиш мақсади бўлмаган. Шу сабабли, давлат раҳбарининг эътирофи ва “Адолатли депутат” мақоми берилиши кутилмаган ҳолат бўлди. Менга булар фақат қўшимча масъулият юклади.
- Аксарият сайловчиларингиз кўп йиллар суд, иқтисодий суд тизимида ишлаганингиздан хабардор. Бугунги кунда профессионал қонун ижодкорисиз, қайсики, мамлакатнинг мавжуд қонунлари ва унинг одамларини ҳуқуқий савиясидан бошқалардан кўра яхшироқ хабардорсиз.
Шу маънода, депутатлар, қолаверса сайловчилар олдида қандай вазифалар турибди, деб ҳисоблайсиз?
- Бугун «фалончи шунча пора эвазига ишга кирибди», деган гапни эшитсак, ҳайрон бўлмаймизу, «фалончи ҳеч қандай таниш-билишсиз ишга кирибди», деган гапни эшитиб ҳайратланамиз. Сизга бу таниш туюляптими? Нега? Бу нимани англатади?
Назарияда «касал жамият» тушунчаси бор. Бу жамият ҳаётида рўй бераётган барча ноқонуний воқеликлар жамият аъзолари томонидан «табиий ҳол» тарзида қабул қилинишидир. Бугун биз қанчалик тез «жамиятимиз касал» эканлигини тан олсак ва ҳар биримиз ўзимизни ўзимиз «даволашни» бошласак, ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришлар ўша ондан бошланади.
- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
Ёқубжон Марқаев суҳбатлашди.