Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Алишер Навоий абадияти

Ғазал мулкининг султони Ҳазрат Мир Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллигига бағишлаб Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази фаоллар залида ўтказилган адабий кеча шундай номланди.

Унга Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети филология ва тарих факультетларининг талабалари, олимлар, шоирлар, ижодкор ёшлар таклиф этилди.

Дастлаб Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш қилинди.

Адабий кечада сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва журналист Ёр Муҳаммад, СамДУ маънавият бўлими бош мутахассиси Ҳасан Алиқулов, Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази директорининг ўринбосари Наргиза Саидмуродова ва бошқалар Алишер Навоий ижодининг ўзига хос жиҳатлари, шоир қолдирган улкан адабий мероснинг бугунги авлод учун аҳамияти ҳақида тўхталдилар.

– Бизлар баъзида тиниқ дарё соҳилида туриб чанқасак-да сув ичолмаётган кишиларга ўхшаймиз, чунки Навоийни ўқишни билмаймиз, - деди Ёр Муҳаммад. – Бугун Навоий ҳақида ҳаммага маълум гапларни гапириш, ғазалларини ёд олиш, қуруқ фахрланиш билангина иш битмайди. Эндиликда улуғ шоир асарларини ўқиб, уларнинг маъносини чақиш, уқиб олиш муҳим. Яна бир гап. Алишер Навоийни фақатгина унинг туғилган кунида эмас, доимий равишда ёдга олишимиз, ғазалларини шарҳлашни ўрганишимиз лозим. Акс ҳолда у биздан тобора узоқлашиб бораверади.

Тадбирда университет ижодкор ёшлари шоир ғазалларидан намуналар ўқидилар.

Адабий кеча якунида фаол иштирокчиларга ахборот-кутубхона маркази томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Гулбаҳор Раҳимова.