Мақбарада суратга тушиш учун бориладими?

Дам олиш куни онамни Амир Темур мақбарасига олиб бордим. Мақсадимиз – жаҳонни титратган улуғ саркарда бобомиз қабрини зиёрат қилиш эди. Мақбарага яқинлашарканмиз, у ердаги автобус ва енгил машиналарнинг кўплигидан қадамжо зиёратчилар билан гавжумлигини англадим.

Йўлак бўйлаб буюк саркарда Амир Темур қабр тоши ўрнатилган хонага кирдик. Ичкарида одам ниҳоятда кўп экан. Хона четидаги ўтирғичдан жой олиб, фотиҳа ўқий бошладик. Ёнимизга бир гуруҳ зиёратчилар келиб қўшилди. Улар ҳам дуога қўл очиб, Қуръон ўқий бошлади. Шу пайт қаршимизда пайдо бўлган чет эллик сураткашлар бизни суратга ола бошлади. У ердаги ҳолатдан ажабланиб, атрофни кузатдим. Зиёратга келганлар соҳибқирон бобомизни ёд олиш ўрнига унинг қабр тоши олдида гуруҳ-гуруҳ бўлиб суратга тушмоқда! Ғала-ғовур овоздан худди бозорда юргандек ҳис этасан ўзингни. Ҳеч ким бир-бирини эшитмайди, худди музейга киргандек ҳамма – чет элликлардан тортиб, маҳаллий аҳоли вакилларигача суратга тушиш билан овора.

Одамларга қарата: “Мусулмонлар, бу жой зиёратгоҳ, бу ерда ўтганлар хотирланади, суратга тушилмайди”, деб бақиргим келди. Кишиларнинг илмсизлиги, маданиятсизлиги ва бефаросатлигидан уялиб кетдим.

Биз қачон ўзимизни, ўзлигимизни англаб етамиз? Нима учун боболаримиз мақбарасини суратга олишга рухсат бериб, зиёратгоҳни топтаб, уларнинг руҳини безовта қиляпмиз?

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.