Темурий шаҳзода ва маликаларнинг сақланмаган қабрлари ҳақида биласизми?

Амир Темур мақбараси ХV аср бошида бунёд этилган ёдгорлик бўлиб, у нафақат Ўрта Осиё, балки дунё миқёсида ўзига хос ўрин эгаллаган шахслар дафн этилган мақбара ҳисобланади.

Мақбара Амир Темур буйруғига кўра тўнғич фарзанди Жаҳонгир Мирзонинг Суюнч Оға никоҳидан туғилган ўғли, тахт вориси Муҳаммад Султон шарафига бунёд этилган иморатдир.

Қурилиш Амир Темур буйруғи билан бошланган бўлса-да, унинг ўзига мақбара қурилишини кўриш насиб этмаган. Чунки 1405 йил қишида Хитой юришига отланган Амир Темур оғир касалланиб, Ўтрор шаҳрида (Сирдарё бўйида) вафот этган.

Амир Темур вафотидан кейин салтанатда бирин-кетин ворислари Халил Султон, Шоҳруҳ Мирзо, Мирзо Улуғбек ва Абу Саид Мирзо ва унинг фарзандлари ҳукмронлик қилишган. Ушбу даврда Амир Темур мақбараси тўлиқ қуриб битказилиб, мақбара ичига 9 кишининг – Амир Темур, 2 фарзанди (Мироншоҳ Мирзо ва Шоҳруҳ Мирзо), 2 набираси (Муҳаммад Султон ва Мирзо Улуғбек), устози Мир Саид Барака ва бошқалар жасади дафн этилган.

Шу билан мақбарага шахсларни дафн этиш тўхтаб қолгани йўқ. Тўғри, мақбара ичида кўрсатилган 9 киши дафн этилганидан кейин безак ишлари ниҳояланган ва бу ерда бошқа бирор кишини дафн этишнинг имкони йўқ эди.

Лекин мақбаранинг катта саҳнли ҳовлиси ва унга туташ иморатларга Темурий шаҳзодалар ва маликалар дафн этилиши давом этган. XX асрнинг биринчи ярмида ҳам ушбу қабртошлар ўз жойида турган. Таниқли олим Амриддин Бердимуродовнинг ёзишича, 1950 йилларга келиб ушбу қабрлар

мақбарани таъмирлаш жараёнида йўқ қилиб юборилган.

Қабртошлар кимларга тегишли бўлган?

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондида ушбу қабртошларга оид XX аср бошларида олиб борилган тадқиқот ишлари сақланади.

Ушбу ҳужжатларга кўра, мақбара ҳовлисининг шимоли-шарқий бурчагида битта қабртош мавжуд бўлиб, ҳижрий 863 йил жумад-ул соний ойида вафот этган Султон Абу Саиднинг қизи Қутлуғ Султон Бекага тегишли бўлган.

Мақбаранинг шарқий минораси томонидаги гумбазли иморат остида бешта қабртош мавжуд бўлиб, уларнинг бирида Амир Темурнинг катта ўғли Жаҳонгир Мирзонинг фарзанди, темурийлар салтанатининг илк валиаҳди ҳижрий 836 йилда вафот этган Муҳаммад Жаҳонгир, иккинчи қабртош унинг қизи, ҳижрий 847 йилда вафот этган Робия Султонга тегишли бўлган. Гумбазли иморат остидаги бошқа қабртошларда исломий калималардан бошқа ёзувлар сақланмаганлиги туфайли эгалари аниқланмаган.

Мақбаранинг бош эшигига элтувчи мармар зинапоядан ғарбда саккизта қабртош бўлиб, уларнинг 5 таси катта, 3 таси кичик бўлган. Улардан биринчиси Мирзо Улуғбекнинг қизи, ҳижрий 870 йилда вафот этган Оқо Бекага, ундан шарқда ҳижрий 876 санаси кўрсатилган, Султон Абу Саиднинг ўғлига тегишли қабр бўлган. Бош эшик қаршисидаги иккинчи қабр ҳижрий 858 йилда вафот этган Робия Султонга, унинг ёнида ҳижрий 865 йилда вафот этган Султон Абу Саиднинг яна бир ўғли Шоҳ Мансур, ундан шарқда ҳижрий 860 йил санаси кўрсатилган Мухаммад Жаҳонгир қабри бўлган.

Бош кириш эшиги ғарбий чортоғида жойлашган қабртош Султон Абу Саиднинг ўғли, ҳижрий 877 йилда вафот этган шаҳзода Жаҳонгир Султонга, шарқий чортоқда жойлашган қабртош эса ҳижрий 856 йилда вафот этган “Амир Темур Кўрагон ўғли Мироншоҳ Мирзо ўғли Муҳаммад Темур қизи Зубайда Султон”га, қабрларнинг охиргиси Султон Абу Саиднинг ҳижрий 877 йилда вафот этган яна бир қизи Ойша Султонга тегишли бўлган.

Қабрларнинг энг аввалгиси ҳижрий 836 йил, мелодий 1433 йилга тўғри келса, энг сўнггиси ҳижрий 877 йил, мелодий 1473 йилга таалуқлидир. Яъни, юқоридаги темурий шаҳзода ва маликалар мақбара атрофига асосан Мирзо Улуғбек (1409-1449), Султон Абу Саид Мирзо (1451-1469) ва унинг ўғли Султон Аҳмад Мирзо (1469-1494) лар даврида дафн этилган.

Афсуски, темурийлар даври тарихига оид муҳим манба бўлиш билан бирга ушбу давр тош ўймакорлиги санъатининг юксак намунаси бўлган ушбу қабртошлар бизгача етиб келмаган ва тарихимизнинг суронли йилларида бошқа тарихий ашё ва далилларимиз қаторида йўқ қилинган.

Маҳмудхон Юнусов,

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси

бош муҳофизи.