Асосий фан олимпиадасининг республика босқичи ғолиблари аниқланди

Хабар берганимиздек, Самарқанд шаҳридаги 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган “Нурли маскан” мактаб-интернатида асосий фан олимпиадасининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Олимпиаданинг ҳудудий босқичида ғолибликни қўлга киритган кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг 145 нафар 11-синф ўқувчилари математика, она тили ва адабиёт, рус тили ва адабиёти ҳамда тарих фанларидан билимини синовдан ўтказди.
Математика фанидан ўтказилган беллашувларда биринчи ўринни сурхондарёлик Зиёдулла Эралиев, иккинчи ўринни наманганлик Жамолхон Эргашев, учинчи ўринни Қорақалпоғистон Республикасидан Шомурод Кешнимжаев эгаллади.

Она тили ва адабиёт фани бўйича ғолиблик самарқандлик Назокатхон Бутунбоевага насиб этган бўлса, кейинги ўринлар хоразмлик Толибжон Тўрахонов ва бухоролик Машҳура Эгамовага насиб этди.
Рус тили ва адабиёти фанидан ғолибликни Сирдарё вилоятидан Ирода Кушаева қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринларга қорақалпоғистонлик ўқувчилар Фарида Раманова, Султонбек Турамбетов сазовор бўлди.

Тарих фанидан бухоролик ўқувчи Элшод Исматов энг яхши натижани қайд этган бўлса, самарқандлик Наврўзбек Қўйлиев ва қашқадарёлик Холбек Ўлжаев совринли ўринларни қўлга киритди.
Ташкилотчилар томонидан 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи электрон сертификатлар, пул мукофотлари ва эсдалик совғалари топширилди.