Асосий фан олимпиадасининг вилоят босқичи шаффоф ўтдими?
Хабар берганимиздек, Самарқанд шаҳридаги 47-умумий ўрта таълим мактабида асосий фан олимпиадасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда академик лицейлар, Президент мактаби ҳамда олимпиаданинг туман (шаҳар) босқичида ғолибликни қўлга киритган 2261 нафар 9-, 10-, 11-синф ўқувчилари иштирок этди. Шу билан бирга, ўтган ўқув йилида олимпиаданинг вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаган 28 нафар ўқувчи тўғридан-тўғри қатнашди.
25-30 ноябрь кунлари олимпиаданинг биринчи гуруҳ фанлари, яъни математика, физика, кимё, биология, информатикадан асосий фан олимпиадасининг вилоят босқичи бўлиб ўтган бўлса, 2-4 декабрь кунлари иккинчи гуруҳ фанлари, яъни она тили, рус, тожик, инглиз, немис, француз тиллари, тарих, давлат ва ҳуқуқ асослари, география фанларидан ўтказилди.
- Асосий фан олимпиадаси ўтган йиллардагидан фарқ қилади, - дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси таълим сифатини мониторинг ташкил этиш бўлими методисти Элмира Холёрова. - Жумладан, олимпиада ўтказиладиган жойларда кузатув камералари ўрнатилган ва гуруҳларда назоратчилар ҳам бор. Ўқувчиларнинг ишларини муҳокама қилиш учун телеграм каналлар ташкил қилинган, шунингдек, жараённи ижтимоий тармоқлар орқали кузатиш мумкин. Ҳар бир ўқувчининг назорат материалларига берган жавоблари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди. Ўқувчи имтиҳонни топшириб бўлгач, унинг иши аудитория мудири томонидан муҳокама гуруҳига юборилди.
Олимпиада натижасига кўра, 9-10-11-синфлар бўйича 15 та фандан 135 нафар ўқувчи асосий фан олимпиадасининг вилоят босқичида ғолиб бўлди.