“Авиачипта сотишда эскирган бюрократик усуллар ҳамон сақланиб қолмоқда” — Сенатор “UZBEKISTAN AIRWAYS” АЖга қарашли авиакассалар фаолиятига эътироз билдирди
Сенатнинг навбатдаги ялпи йиғилишида анъанага мувофиқ ялпи мажлис кун тартибидаги масалалар муҳокамасидан аввал сенаторлар ҳудудларда олиб борган ўрганишлари давомида аниқланган мавжуд камчиликлар, фуқароларнинг кўплаб эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни кўтарди.
Хусусан, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ. Бурхонов Қўмитага келиб тушган мурожаат асосида “UZBEKISTAN AIRWAYS” АЖга қарашли авиакассалар фаолияти билан боғлиқ айрим муаммолар сабаблари дастлабки тарзда ўрганилганлигини айтиб ўтди.
Унга кўра, авиачипта сотишда эскирган бюрократик усуллар ҳамон сақланиб қолмоқда.
Хусусан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг 2015 йил 25 октябрдаги 75-сон буйруғи билан тасдиқланган Йўриқноманинг эскиргани, ундаги тегишли нормаларнинг такомиллаштирилмагани фуқаролар учун ўринсиз, мантиқсиз тўсиқларни юзага келтирмоқда.
Мазкур Йўриқноманинг тегишли бандига мувофиқ, агар фуқароларимиз “UZBEKISTAN AIRWAYS”га қарашли кассалардан ўз яқинлари учун авиачипта сотиб олмоқчи бўлишса, улардан фуқаролик паспортининг асл нусхаси талаб қилинмоқда.
Паспортнинг асл нусхасини тақдим этмаган фуқароларга эса авиачипта сотилмаяпти.
Оқибатда бу ҳолат, айниқса, яқинлари бошқа вилоятларда яшаётганлар учун қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда ва шу боис, йўловчиларнинг ҳақли эътирозлари кундан-кунга кўпаймоқда.
Ҳолбуки, “UZBEKISTAN AIRWAYS” акциядорлик жамиятининг uzairways.com/uz сайти орқали онлайн тарзда фуқаролик паспортининг серия рақами ва амал қилиш муддатларини кўрсатган ҳолда авиачиптани қонуний асосларда сотиб олиш имконияти мавжуд.
Табиий савол туғилади: агар шундай имконият бўлса, нима учун “UZBEKISTAN AIRWAYS”га қарашли кассалардан ўз яқинлари учун авиачипта сотиб олмоқчи бўлган шахслардан фуқаролик паспортининг асл нусхаси талаб қилинмоқда?
Нима учун юқорида қайд этилган Йўриқномага паспортнинг серия рақами ва амал қилиш муддатларини кўрсатган (паспорт нусхаси орқали) ҳолда авиачиптани сотиб олиш мумкинлиги тўғрисидаги қоида киритилмаган?
Зеро, авиакомпаниянинг веб-сайти ёки мобил иловаси орқали мустақил равишда зарур шахсий маълумотларини киритиб авиачипта сотиб олган фуқаро давлат чегарасини кесиб ўтишда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан керакли база орқали текширилади ва маълумотлар нотўғри киритилганлиги аниқланган тақдирда, давлат чегарасини кесиб ўтишига рухсат берилмайди ва масъулият фуқаронинг ўзида қолади.
Табиийки, бундай ҳолатлар авиачипталар савдосидаги коррупцияга ҳам сабаб бўлмоқда, фуқароларга енгиллик бериш ўрнига фақат ташвиш ва қийинчилик келтирмоқда.
Сенат томонидан 2021 йилнинг 19 март куни “UZBEKISTAN AIRWAYS” акциядорлик жамиятига юқорида қайд этилган муаммони ҳал этиш учун Йўриқномага тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан мурожаат қилинган эди.
Сўров юзасидан берилган жавобда “ушбу муаммони бартараф этиш чоралари кўрилаётганлиги” маълум қилинган.
Афсуски, бундан қарийб икки йил олдин аниқланган ва сўровда кўрсатилган муаммолар ҳозир ҳам ўз ечимини топмаган.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига сенатор мурожаати такроран йўлланган ҳам эди.
Ажабланарлиси, 2023 йилнинг 23 июнь куни “UZBEKISTAN AIRWAYS” акциядорлик жамияти бошқарув раисининг биринчи ўринбосари имзоси билан Сенатга йўллаган жавобида ҳеч бир асоссиз бу муаммони ҳал қилиш имконсиз экани маълум қилинган.
Наҳотки, ҳам фуқаролар эътирозига, ҳам коррупцияга сабаб бўладиган, очиқ-ойдин кўриниб турган бўшлиқни бартараф этиб бўлмаса!? - дейди, Қ. Бурхонов.