Авто 24: Локация нотўғри, нархлар бир хил. Нега?
Ҳаво ҳарорати минус даражага тушиб қолиши ортидан ёқилғи қуйиш шохобчаларида метан газ топиш муаммога айланди. Аксарият ёқилғи қуйиш шохобчаларида вақтинча эмас, балки умуман ушбу ёқилғи берилмаётгани кузатилди. Шу ҳолатлар ортидан Энергетика вазирлиги томонидан қуйидаги хабар тарқалди.
“Энергетика вазирлигининг хабар беришича, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (газ “заправкалар”) фаолиятига қисқа муддатли чеклов киритилиши режалаштирилмоқда. Бу бўйича вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари расмий ахборот манбаларида тегишли тартибда маълумот бериб борилиши йўлга қўйилади.
Аҳолига ёқилғи қуйиш, газ тўлдириш ҳамда электр қувватлаш шохобчалари ҳақида онлайн маълумот бериб бориш мақсадида ишлаб чиқилган “Авто24” иловаси ёрдамида шохобчалар фаолияти билан боғлиқ барча маълумотларни онлайн режимда кузатиш мумкин.
Ушбу хабар сайтимизда эълон қилингач, ўқувчилардан қатор эътирозлар туша бошлади. Жумладан, вазирлик эълон қилган илова орқали берилаётган маълумотлар нотўғри, “газ заправкалар”да газ бор, белгиси турибди, ваҳоланки ёқилғи сотилмаяпти, каби фикрлар билдирилмоқда.
Иловага кириб, маълумотларни қараб чиққанимизда ростдан ҳам шундай ҳолатлар кузатилган. Қолаверса, истеъмолчилардан тушаётган эътирозлар ҳам кўп экан. Жумладан, “Илова жуда секин ишлаяпти”, “Иловани такомиллаштириш керак керак, локациялар нотўғри кўрсатиляпти”, “Иловада барча ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги нарх бир хил кўрсатилган. Ваҳоланки, нархлар турлича”, “Ёпиқ шохобчалар ҳам очиқ, дея кўрсатилган”, каби.
Айтиш керакки, иловада ҳар бир фикрга жавоб қайтариляпти. Аксарият жавоблар илова тест режимида ишлаяпти, иш жараёнида такомиллаштирилмоқда, каби мазмунда. Ҳақиқатан ҳам жуда катта ҳажмдаги илова фаолияти йўлга қўйилиш аввалида тест режимида ишлайди ва бир неча кун давомида тўлдирилиб, аниқ вақт, ҳолат ва кўрсаткич режимида ишлаши лозим.
Ўйлаймизки, “Авто 24” иловаси қиш тугагач эмас, шу яқин кунларда мақсад этилган тартибда иш бошлайди.
Гулруҳ Мўминова.