Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратилди

Куни кеча “Халқ банки” АТда мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоконференцалоқа тарзида йиғилиш ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Йиғилишда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, “Халқ банки” мутасаддилари, “Халқ банки”нинг барча ҳудудий ва туман (шаҳар) филиалларидаги аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича бошқарувчи ўринбосарлари иштирок этди. 

Маълумки, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш ва энг муҳими, улар учун муносиб турмуш шароитини яратиш ижтимоий соҳанинг муҳим йўналишларидандир. Шу боис, Президентимиз томонидан мазкур йўналишни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бинобарин, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар опа-сингилларимизнинг ижтимоий фаоллигини оширишга, турмуш фаровонлигини юксалтиришга имкон яратмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 17 миллиондан зиёдини хотин-қизлар ташкил қиляпти. Уларнинг бизнес соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда муаммоларини бартараф этиш учун “Халқ банки” томонидан жойларда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, бизнесга оид намунавий режаларини ишлаб чиқиш ва уларга кредит олишда амалий ёрдам кўрсатишнинг янги тизими жорий этилди. Бунинг учун бюджетдан қўшимча равишда 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтириладиган бўлди.

Йиғилишда айни жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳудудларда бу борада амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинди. 

Қайд этилганидек, “Халқ банки” АТ тизимида, энг аввало, “Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш департаменти” ташкил этилди. Банкнинг 14 та ҳудудий ва 196 та туман (шаҳар) филлиалларига хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича жорий қилинган бошқарувчи ўринбосари лавозимларига энг муносиб номзодлар тайинланди ва иш режалари ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, Савдо-саноат палатаси, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар ҳамда “Ҳунарманд” уюшмалари, хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари, шунингдек, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда аёллар тадбиркорлигига хос бўлган 60 хилдан ортиқ намунавий “Бизнес режа” лойиҳалари ва тарқатма материаллар тайёрланиб, жойларга етказилди. Аёлларнинг молиявий саводхонлигини ошириш ва тадбиркорликка йўналтириш бўйича алоҳида веб-саҳифа ҳамда “телеграмм_бот” ишга туширилмоқда.

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг хоҳиш-истаклари,  ҳар бир ҳудуднинг ички хусусиятларидан келиб чиқиб, бизнесга йўналтириш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар билан тушунтиришлар берилди. Бу бўйича ташкил этилган ўқув-курсларига эса 2 минг нафардан зиёд опа-сингилларимиз жалб қилинди.

Айни пайтда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг бизнес лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Мазкур бизнес лойиҳалар доирасида тадбиркорликнинг барча йўналишларида базавий ҳисоблашнинг 150 бараваригача бўлган миқдорда кредитлар ажратиш режалаштириляпти.

Видеоселектор йиғилишида сўзга чиққанлар хотин-қизлар тадбиркорлигини янада ривожлантириш ва бу борадаги қўшимча имкониятларни ишга солишга доир режалардан самарали фойдаланишни  эътироф этди.