Аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш учун мобил илова ишга тушди
Ўзбекистонда аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш учун «Нажот» мобил иловаси ишга туширилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳар йили 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган ҳар бешинчи аёл ва қиз зўравонлик ҳақида хабар беради. Янги маълумотлар пандемия бошланганидан кейин аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик таҳдиди кучайганлигини кўрсатмоқда. Карантин чекловлари туфайли кўплаб зўравонлик қурбонлари ўз вақтида етарли даражада ёрдам олмаган бўлиши мумкин. Ўзбекистонда 2020 йил январь-сентябрь ойларида зўравонликдан жабрланган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига 14 849 та мурожаат келиб тушган.
Илованинг бош саҳифасида фавқулодда вазият учун мўлжалланган «Ёрдам тугмаси» мавжуд. Агар фойдаланувчи оиладаги зўравонлик қурбонига айланган бўлса, ушбу тугмани босиб, 3 сониядан кўпроқ ушлаб туриш керак. «Нажот» иловаси қурбоннинг оиласига ёрдам сўраб хабар жўнатади ва унинг манзилига ҳавола юборади.
«Ёрдам» тугмачасини ишлатиш учун «Ёрдам учун контактлар» бўлимига фойдаланувчи яқинларининг контактларини ва ёрдам ҳақидаги хабарни қўшиши керак. Иловада ёрдам учун хабарга жавоб бера оладиган 5 тагача яқин кишиларнинг контактларини қўшиш мумкин. Ушбу одамларни илова тўғрисида олдиндан огоҳлантириш тавсия этилади.
Шунингдек, фойдаланувчи, агар керак бўлса, «Энг яқин ёрдам марказига хабар бериш» параметрини танлаши мумкин. Шунда фойдаланувчи учун хавф тўғрисида хабар энг яқин реабилитация марказига юборилади.