Дунёда ҳар учинчи аёл зўравонликка учрамоқда
Осиё хотин-қизлар ҳалқаро форуми бу каби иллатлар камайишига қаратилган Самарқандда “Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусида Осиё хотин-қизлари форуми бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган тадбирда 30 га яқин давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, миллий экспертлар ва мутасаддилар иштирок этди.
Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум қатнашчиларига мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенат раиси Танзила Норбоева ўқиб эшиттирди.
- Бугунги кунда Осиё минтақасининг жаҳон тараққиётида тутган ўрни тобора ортиб бормоқда, - деди Т.Норбоева давлат раҳбари мурожаатидан сўнг ўз маърузасида. - Жумладан, дунё иқтисодиётида энг катта улушга эга давлатлар айнан Осиё минтақасида жойлашган. Тараққиётнинг бундай юксак даражасига эришишда аёлларнинг ролини, уларнинг катта ҳиссасини инкор этиб бўлмайди. Шу маънода айтиш мумкинки, Осиё қитъаси мамлакатлари хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва гендер тенгликни таъминлаш борасида ўзининг бой тажрибасига эга. Осиё минтақасида аёлларнинг ўзаро тажриба алмашиши бўйича ижобий амалиётимиз мавжуд.
Юртимизда аёллар учун имтиёзли кредитлар, махсус квоталар ажратилди, магистратурада ўқийдиганларнинг контракт тўловлари тўлиқ давлат бюджетидан қоплаб берилишини давлат ўз зиммасига олди. Натижада, бугунги кунга келиб қиз болани ўқитмаслик, уйда ўтириши керак деган стереотипларга барҳам берилмоқда.
Ҳозирда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг ярмидан кўпини қизлар ташкил этмоқда.
- Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалаларига бағишланган ушбу форум ўз вақтида ўтказилаётгани учун ташаккур билдираман, - дейди БМТ бош котиби ўринбосари, «БМТ-Аёллар» тузилмаси ижрочи директори Сима Сами Бахус. - Қолаверса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ўзбекистонлик аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари йўлида олиб бораётган ишлари учун алоҳида раҳматимни айтмоқчиман.
Бугун дунё ҳар сонияда мураккаб вазиятларга дуч келмоқда. Аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бундай вазиятда унинг салбий оқибатларига энг биринчи юзма-юз келаётир. Иқлим ўзгариши, дунёнинг турли бурчагида юз бераётган можаролар шу тарзда давом этадиган бўлса яна 158 миллион хотин-қизларни қашшоқлик даражасига тушириб қўяди. Дунёда ҳар учинчи аёл уйда, жамоат жойларида, ишда, турли медиа платформаларда таҳдид ва зўравонликка учрамоқда. Дунё иқтисодига аёлларнинг зўравонликка учраши скриминацион ижтимоий институтлар учун йилига 6 триллион АҚШ долларига тушмоқда.
Шундай бўлса-да, хотин-қизларга қарор қабул қилиш жараёнларида иштирок этиш имконияти кам тақдим этилаётир. Ёш аёллар ижтимоий ҳақиқатга интилиб, қатор глобал ҳаракатларга бош бўлмоқда, оналар ўлими камаймоқда. Бошланғич таълимга жалб этилаётган қизлар сони кўпаймоқда. Биз кун тартибига кўпроқ «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» шиорини киритишимиз лозим. Аммо бу каби ютуқлар қуйидаги муаммоларнинг сояда қолиб кетишига йўл бермаслиги керак.
Бугун аёллар ишлаб туриб ҳам эркакларга қараганда 20 фоизга кам даромад қилмоқда. Кўп ҳолларда уларнинг меҳнати қонунчилик ёки тиббий суғурта билан ҳимояланмаган. Бугун бутун дунё миқёсида банд бўлган аёлларнинг 60 фоизи ноформал иқтисодиёт ҳиссасига тўғри келмоқда. Кам даромадли мамлакатларда бу рақам 90 фоизни ташкил этади. Бутун дунёда аёллар 75 фоиз ҳолатда ҳақ тўланмайдиган хонадонидаги рўзғор ишларини бажаради. Шундай бўлса-да, ҳар ўнинчи аёл энг мураккаб қашшоқлик ҳолатида кун кечиришга мажбур. Бу адолатсизлик.
Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш нафақат тинчлик, балки ўша давлатнинг иқтисодий ўсишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Қолаверса, оилада аёл кишининг иқтисодий даромадга эга бўлиши болаларнинг таълими ва саломатлигига ҳам кўпроқ назоратни олиб келади.
Анжуман ўз ишини бугунги глобал иқтисодиётда хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш истиқболлари ва бу борадаги таҳдидлар, Осиё қитъасидаги демографиянинг ҳозирги ҳолати ва унинг инклюзив иқтисодий ўсишга ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга таъсири, хотин-қизларнинг сифатли таълим, илм-фан, рақамли технологиялардан фойдаланишини таъминлаш ва инновацион фаолиятдаги иштирокини кенгайтиришда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби қатор мавзуларда шуъба йиғилишлари билан давом эттирди.
Гулруҳ МЎМИНОВА.