Ўқувчини занжирлаб, “Damas”да олиб юрган эркак 4 йилга “кесилди”
Шу йилнинг март ойида ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида ёш бола автомашина ичида оёғидан занжирлаб қўйилгани акс этган видео тарқалганди.
Вояга етмаган болага нисбатан қўлланган бундай ғайриинсоний муносабат жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди. Бу ҳолат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари томонидан шахсий назоратга олинганди.
Суриштирувлар давомида жабрланувчи Пахтачи туманидаги «Қалқон-жасорат» ҳарбий спорт мактабининг 6-синфида ўқиши, уни ғайриқонуний тарзда кишанлаб, автомашинасида олиб юрган шахс эса ушбу мактаб ўқитувчиси экани аниқланганди.
Шундан сўнг ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланганди.
Яқинда мазкур жиноят иши судда кўриб чиқилиб, қонунбузарга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди. 13 яшар болага нисбатан зўравонлик ишлатган шахс суд ҳукми билан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.