Бадиий таржима маънавият калити, ҳамкорлик воситаси
– Ўзбекистонда таржимашунослик тарихи қайси даврдан бошланади?
– Ўзбекистон заминидаги таржима мактаблари ҳақида гап кетганда, Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ал-Фарғоний, Форобий, Маҳмуд Кошғарий, Замахшарий, Юсуф Хос Ҳожибларнинг таржималари, Алишер Навоийнинг таржимонлик фаолияти ва унинг асарларининг дунё тилларига таржимаси тарихи, Хоразм таржима мактаби вакиллари Муҳаммадризо Огаҳий, Комил Хоразмий, Тошкент таржима мактаби вакиллари Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Fафур Fулом, Мақсуд Шайхзода ва бошқаларнинг таржимонлик фаолияти, Fайбулла Саломов, Озод Шарофиддинов, Амир Файзуллоларнинг таржимашуносликка қўшган ҳиссаларини таъкидлаб ўтиш мумкин.
Назарий таржимашунослик – Ўзбекистонда нисбатан янги соҳа. Таржимашунослик илмий асосда ХХ асрнинг ўттизинчи йилларидан шакллана бошлади. Талантли таржимон ва олим Санжар Сиддиқнинг "Адабий таржима санъати" (1936 й.) китоби Ўзбекистонда таржима назариясига бағишланган илк пухта илмий китобдир. Санжар Сиддиқ билан бирга ёнма-ён Сотти Ҳусайн, Маннон Роик, Мадамин Даврон, С.Паластров, М.Салье сингари амалиётчи таржимонлар таржимашунослик билан фаол шуғулланиб, нашр этилаётган таржима асарларнинг ютуқ ва камчиликларини таҳлилдан ўтказиб борганлар.
– Самарқандлик жадидлар Сайид Ризо Ализода, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ҳожи Муин, Сиддиқхўжа Азжий мактаблар учун дарсликларни 5-6 тилдан таржима қилишган. Таржимашуносликда бу ҳолат таҳлил этилганми?
– Жадидчилар фаолияти билан филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Дадабоев шуғулланган. Уларнинг фаолиятидаги ютуқ ва камчиликларни ўзининг тадқиқот ишларида ёритиб берган. Бироқ мазкур соҳада, яъни илмий таржима борасида тадқиқот ишларининг кўлами айтарли даражада кўп эмас, бу борада қилинадиган ишлар кўп.
– Таржиманинг халқаро тартиби ёки стандарти борми?
– Одатда бадиий асарни муаллиф назарда тутган ғоя ва таржима матни ўқувчисининг мавқеи, менталитети, дунёқараши, ижтимоий ҳолати каби омилларни ҳисобга олиб, таржима қилиш мумкин. Замонавий бизнес оламида таржима жараёни мажбурий сифат стандартларига амал қилмасдан, мижоз томонидан талаб қилинадиган оддийгина таржима сифатини таъминлаш мумкин эмас. Айнан шу факт Европа ҳамда Америка таржимонлар ассоциациясини таржима материалларидан фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш ва уларни бундан хабардор қилишга йўналтирилган умуммиллий стандартларни ишлаб чиқиш ҳақида музокара бошлашга мажбур қилди. ЕН 15038 Еуропеан умумевропа таржима стандарти 2006 йил 1 августда кучга кирган, Европа стандартлаштириш қўмитаси 30 мамлакатнинг таржимада қўлланадиган терминология стандартларини бирлаштирди, тил билан боғлиқ хизматларни амалга оширувчиларга қўйиладиган асосий талабларни, таржима истеъмолчилари ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берди.
– Таржимада нима муҳим: таржимон маҳоратими, асар савиясими ёки буюртмачи эҳтиёжими?
– Таржимада сиз таъкидлаб ўтган уч жиҳатнинг барчаси ҳам муҳим. Бироқ таржимон маҳорати улар орасида энг муҳими ҳисобланиб, қолган икки жиҳатни тўлдириб кетиши мумкин. Агар таржимон етарли даражада билим ва тажрибага эга бўлмаса, таржима тўлақонли чиқиши мушкул. Агар бу икки сифат етарли бўлса, ижодий методлардан фойдаланиб, савиясиз асарни ҳам савияли кўринишда таржима қилиши ва буюртмачи эҳтиёжини тўла қондириши мумкин.
– Самарқанд таржима мактаби салоҳияти ва имкониятига тўхталсангиз.
– Ўзбекистонда таржима назарияси ва амалиёти соҳасининг шаклланиши ва ривожланишида самарқандлик олимларнинг муносиб ҳиссаси бор. Таржимашунослик Самарқандда фан сифатида фарангзабон адабиёт намуналарини рус тили воситасида ўзбек тилига ўгиришнинг назарий аспектларини илмий тадқиқ қилиш орқали бошланган. 1963 йилда самарқандлик иқтидорли таржимашунос олим Юсуфжон Пўлатов "Ўзбекистонда чет эл адабиёти ва Ги де Мопассан новеллаларининг ўзбек тилига таржимасининг ўзига хос хусусиятлари" мавзусига бағишланган номзодлик диссертациясини ёқлаган. Бу диссертацияда илк бор рус тили орқали ўзбек тилига ўгирилган Мопассан новеллалари таржимасининг лисоний ва услубий ўзига хосликлари ўрганилиб, ўзбек таржимашунослиги фанида янги йўналиш очиб берилди.
Яна бир самарқандлик олим М.Холбековнинг тадқиқотлари ҳам ўзбек-француз таржимачилиги ва адабий алоқаларининг ривожланишига бағишланади. Унинг Ўзбекистонда француз адабиётининг таржима тарихини ўрганишга бағишланган номзодлик диссертацияси ва таржима танқидчилигига оид қатор мақолалари Самарқанд таржима мактаби ривожига хизмат қилди.
Самарқанд давлат чет тиллар институтида таржимонлик бўлимининг очилиши бу ерда иқтидорли таржимонлар тайёрлашга ихтисослашган профессор-ўқитувчиларнинг тўпланишига, бу билан республикамиз таржимонлик мактабига бевосита чет тиллардан таржима қила оладиган мутахассислар етишиб чиқишига замин яратди.
Афсуски, Самарқанд таржимашунослик мактаби сўнгги йилларда жуда катта йўқотишларга учради. Пошали Усмон, Абдимурод Кўчибоев, Салим Жабборов, Салоҳиддин Ҳайитов каби забардаст устоз-таржимонлар ва олимлар бизни тарк этишди, бу нафақат таржимонлик соҳаси, балки бутун Самарқанд адабий муҳити учун жиддий йўқотишдир.
Бугун фаол ижод билан машғул таржимонлар Динара Султонова, Эшқобил Вали, Ойбек Остоновларнинг номлари тез-тез қулоғимизга чалиниб, бизни қувонтирмоқда. СамДЧТИ талабалари орасида ҳам бадиий таржима билан жиддий шуғулланишни ният қилган бир талай ёш иқтидорлар бор, бироқ улар билан ҳали кўп ишлашимиз керак.
– Энди бевосита Абдулла Қодирий асарининг таржимаси ҳақида.
– Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида 2012-2014 йилларда "Ўзбек адабиёти антологиясини инглиз тилига таржима қилиш ва адабиётлараро мулоқот" мавзуидаги илмий-амалий лойиҳа амалга оширилди. Мазкур лойиҳа доирасида ўзбек адабиётининг сара намуналаридан 18 таси ўзбек тилидан бевосита инглиз тилига таржима қилинди. Улар орасида Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" асари ҳам бор. Асарларни танлашда аввало, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда таржимон олимлардан Иброҳим Fафуров, Омон Мўминов ва Носир Қамбаровларнинг тавсияларига таяндик. Таржима жараёнида биз асарни аслият шаклида сақлашга, ўзбек менталитетига хос миллий-маданий урф-одат, тарихий, анъана ҳамда маросимларда ишлатиладиган сўз ва ибораларни сақлаб қолишга ҳаракат қилганмиз.
Асарни таржима қилиш учун кун ва ойлар керак бўлди, ўзига яраша қийинчиликлар бизни нашр қилишдан узоқлаштирди. Мутасадди шахслардан амалий ёрдам сўраб, асарнинг моҳияти, унинг бугунги кундаги аҳамияти ва долзарблиги ҳақида айтишга ҳаракат қилдим. Асар таржимаси борасида адабиёт ва тилшунослик соҳасига қизиққан бир қанча хорижлик мутахассисларга мурожаат қилдим. Натижани Самарқанддан топишга муяссар бўлдим. Самарқанд давлат чет тиллар институтида 2016-2017 ўқув йили учун АҚШ элчихонасининг кўнгилли инглиз тили ўқитувчиси Эллис Британ бириктирилганлиги мени қувонтирди. Биз таҳрир устида уч ой биргаликда ишладик.
– Бизда таржимани моддий рағбатлантириш йўлга қўйилганми?
– Одатда таржимон нашриёт томонидан гонорар кўринишида моддий рағбатлантирилади. Агарда келажакда миллий адабиётларимизни таржима қилишда давлат ташкилотлари, вазирлик ва уюшмалар томонидан лойиҳа сифатида маблағлар ажратилиб, қўллаб-қувватланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бизнинг урф-одат, маданиятимиз, маънавиятимиз, тарихимиз ва тилимизнинг бетакрорлигини инобатга олсак, бу дунё халқларини қизиқтириши аниқ. Албатта, таржимонларни моддий рағбатлантириб, уларга етарли эътибор берилса, юртимизда таржима санъати янада ривожланишига шубҳа йўқ.
– Ижодий режалар билан ҳам ўртоқлашсангиз. Эҳтимол, бўлажак таржимонларга маслаҳатларингиз бордир.
– Мамлакатимиз кундан-кун ривожланиб, дунё саҳнига чиқиб боряпти. Ўзбек адабиёти, маданияти ва урф-одатлари дунё мамлакатларининг назарида бўлишини инобатга олишимиз керак. Хорижликлар юртимизга келишдан олдин тарихимиз ва маданиятимизни синчиклаб ўрганиб чиқишга ҳаракат қилишади. Биз яна ўндан ортиқ асарларни таржима қилишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз, булар ҳозирча сир бўла қолсин, сабаби таржима эртага тайёр бўлади, дейдиган нарса эмас. Бўлажак таржимонларга асл адабиётимизни чуқур ўрганишни маслаҳат берган бўлардим.
Ф.ИСҲОҚОВ
суҳбатлашди.