30 сотих томорқаси ва автомашинаси бор оила камбағалми?

Вилоятда аҳолини камбағалликдан чиқариш, камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар даромадини ошириш борасидаги ишлар таҳлил қилинганда шу саволга юзага чиқди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятимизда 337,9 минг нафар аъзолари бўлган 79,5 минг оила камбағал оилалар реестрига киритилган. Шу пайтгача 37,1 мингта оиланинг 56,3 минг нафар аъзолари барқарор бандлик хизматлари билан қамраб олиниб, 11,3 минг оила камбағаллик реестридан чиқарилган.

Белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, оилаларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига эришилиши натижасида вилоятда камбағаллик даражаси йил бошидаги 7,5 фоиздан 6,8 фоизга туширилди.

Бироқ, таҳлиллар жойларда “маҳалла еттилиги” томонидан оилалар пухта ўрганилмасдан турмуш шароити яхши, даромадга эга бўлган хонадонлар ҳам камбағаллик реестрига киритилганини кўрсатмоқда.

Мисол учун, Ургут тумани Ўзбекистон маҳалласида турмуш ўртоғи АҚШда ишловчи, икки нафар фарзанди бор аёл ҳашаматли уй-жойи, иккита автомашинаси бўлса-да, камбағал оила реестирига киритилган.

Паст Дарғом тумани Қоровултепа маҳалласидаги 3 нафар фарзанд тарбияланаётган оилада эркак хорижда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётгани ва бир киши кексалик пенсияси олиши, хонадонда “Дамас” автомобили ҳамда икки бош қорамол мавжудлигига қарамай камбағал оилалар реестрига киритилганини қандай изоҳлаш мумкин?

Каттақўрғон тумани Муллакўрпа маҳалласида иккита автомашинаси бор, эр устачилик билан шуғулланадиган оила, Янгиравот маҳалласида эса 24 сотих томорқа ер майдони, уч бош қорамоли, автомобиль ва электрмотоскутери мавжуд оилани нима учун камбағал оилалар реестрига киритилганини “маҳалла еттилиги”дан бошқа биров билмаса керак.

Нуробод тумани Сазағон маҳалласида 30 сотих томорқаси, битта юк автомашинаси ва 4 бош қорамоли бўлган оиланинг ҳам нега камбағал оилалар реестрига киритилганини “еттилик” изоҳлаб бера олмади. Боз устига, бу оилада эр ўз шахсий автомашинасида йўловчи ташиш билан шуғулланади, хотин эса мактабда ўқитувчи экан.

Жойларда бу каби ишга масъулиятсизлик билан ёндашиш, ҳолатни юзаки баҳолаш оқибатида камбағал оилалар сони йил бошига нисбатан Пахтачи туманида 3,8 фоизга, Каттақўрғон шаҳрида 3,3 фоизга, Нарпайда 1,1 фоизга, Каттақўрғон тумаанида 0,6 фоизга  ошган.

Савол туғилади – маҳаллада қайси оила ёрдамга муҳтож, кимнинг бунга эҳтиёжи йўқлигини яхши биладиган “еттилик” қандай қилиб, ўзига тўқ оилаларни реестрга киритган? Нима, давлатнинг пули ҳисобсизми? Ўша оилалар эгалари-чи? Улар камбағал оилаларга ажратилиши керак бўлган моддий кўмак ёки имтиёз ва имкониятлардан фойдаланишдан ор қилмайдими, виждони қийналмайдими?

Яқинда маҳалла раисларидан бири қишлоғидаги бозорчи йигит боласи учун нафақа пули чиқариб беришни сўраб келганини айтиб қолди:

– Ука, топиш-тутишинг яхши, уй-жойинг ҳам бировдан кам эмас, уялмайсанми болангга нафақа пули сўрашга, десам “Ҳеч қаерда расмий ишламайманку, мошинам отамнинг номида, сиз платформага киритинг, тасдиқланади”, дейди. Жаҳлим чиқди. Майли, киритамиз, пул ҳам чиқар, лекин ўша пулни одамлар олдида фаолонча қийналиб қолибди, давлат боласи учун пул берди, деб топшираман, розимисан, дегандим “Унақа бўлса керак эмас, раис бобо, узр” деб чиқиб кетди.

Афсуски, ҳали-ҳануз “Одамлар билиб ўтирибдими, давлатнинг пулидан фойдаланиш керак”, деган фикрдаги кишилар йўқ эмас. Улар олмоқчи бўлган пул қайсидир ночор, чиндан ҳам муҳтож оиланинг ҳақи эканлигини ўйлаб кўришмайди. Бир пайтлар ўзи ёки турмуш ўртоғи соғлом бўла туриб, ногиронлик гуруҳи расмийлаштириб, нафақа олувчилар кўпайганди. Тизим рақамлаштирилиб, шаффоф ва очиқ текширув мезонлари белгилангач, минглаб сохта ногиронликлар бекор бўлди. Айни пайтда ижтимоий ҳимоя ягона реестри, камбағал оилалар реестрига киритишнинг ҳам аниқ тартиб, мезонлари бор. Қарорлар инсон омилисиз қабул қилинади. Аммо маълумотларни тизимга киритишда оиланинг реал ҳолати, норасмий бўлса-да, доимий даромади, турмуш тарзи ҳисобга олинса, ҳеч қандай ноқоний хатти-ҳаракатлар, қинғирликларга ўрин қолмайди.

Ғолиб  Ҳасанов.