Банкдан йирик кредит қарздорлиги бўлган ташкилотлар мулклари хатланмоқда
Яқинда вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган фаоллари йиғилишида “Халқ банки” ва “Агробанк” томонидан жисмоний шахслар ва тадбиркорларга ажратилган муаммоли кредитлар масаласи тилга олинганди.
Жумладан, йиғилишда тижорат банкларидаги кредит қарздорлиги ҳаддан ташқари ошиб кетгани айтилганди. Бир қатор йирик корхоналар бир неча бор огоҳлантиришига қарамасдан, тўлаш қобилиятига эга бўлсада, миллиардлаб сўмлик қарздорликни тўламасдан келгани мисоллар билан кўрсатилганди.
Йиғилиш сўнгида вилоят ҳокими тижорат банк ва тегишли ташкилот раҳбарларига таклиф ва топшириқлар берилган эди.
Марказий банк вилоят бош бошқармаси маълумотига кўра, айни кунларда тижорат банклари ва Мажбурий ижро бюро ҳамкорлигида суднинг тегишли қарорига мувофиқ жисмоний шахс ва тадбиркорларнинг кредит қарздорлигини ундиришга қаратилган автомобиллар, трактор ҳамда савдо шохобчалари хатловдан ўтказилиб жарима майдончасига қўйилмоқда.
Мисол учун, Агробанк томонидан "Янгиҳаёт идеал"МЧЖнинг гаров объекти бўлган нотурар жойи, "Шодмон бобо олтин далалари"га тегишли бўлган трактор ва “Некция-2” автомобили кредит қарздорлиги учун хатланиб, жарима майдончасига олиб қўйилган. Яна қатор йирик қарздорлиги бўлган корхоналарнинг мулклари хатланган.
Мажбурий ижро бюроси хабарига кўра, олинган қарздорликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаса хатлов ва жарима майдончасига олинган мулклар аукцион савдоларига чиқарилади.