Бахтни етаклайди бу мунис аёл!

Аёл! Етмиш икки томирида “болам” деган илоҳий муҳаббат мавжланган, қувонганида киприкларига қувончнинг дури илиниб, оғринганида изтиробнинг минг бир туйнукларида кўкси тилиниб ёруғ кунларини соғинган қалб эгаси.
Унинг қиёфасида Тўмариснинг шижоатини, ҳаё пардасига ўралган Кумушбиби ибосини, Увайсийнинг ноласини, Нодирабегим ғазалларидаги сўзга ошноликни, Ҳалима Худойбердиева шеърияти нафаси уфурган адабиётга ташналикни кўрамиз.
Аёл борки, фарзандларига эзгулик соғинади, ёруғ кунларини, камолини орзу қилади. Умид дарахтини кўнглида кўкартириб, меҳру-муҳаббат билан суғорган, мевасини орзулаган онанинг фарзанди - жамиятнинг жавоҳиридир. Келажакда баркамол, билимли, зукко, теран тафаккурли фарзандлар тарбиялашда маърифатли аёлларимизнинг ўрни катта.
Ҳар бир она, ҳар бир келин, китобга ошно бўлса, унинг оламида яшаса, фарзандлари билимдон, маънавиятли бўлиб улғаяди. Гўзал келажакни орзулаган оналар ҳамиша ор учун, шаън учун курашади, фарзандларини ориятли, меҳнатсевар, садоқатли қилиб тарбиялайди. Халқимизда "таълим ва тарбия бешикдан бошланади" деган ҳикматли сўз бор. Бу бежиз айтилмаган. Она меҳр-муҳаббати, ўткир зеҳни, билими билан жамиятга ҳар томонлама фидойи инсонларни вояга етказади. Унинг алласида боланинг маънавий олами шаклланади, қалбига эзгу фазилатлар уруғи сочилади. Фарзандларингиз жисмонан, руҳан, маънан комилликка эришиб, юрт корига ярайдиган, кексайганингизда белингизга қувват, кўзингизга нур, қалбингизга ҳузур бахш этолса, демак тарбияда адашмапсиз.
Гўзал тарбияли фарзандлари ортидан эшитган эҳтиром аёлнинг тунлар ўтказган бедорлиги, болага берган муҳаббати меваси. Ҳар бир аёл шундай эҳтиромга муносиб. Миллатнинг эртаси бўлган болажонларимизга маънавиятни ёшликданоқ сингдиролган, одоб-аҳлоқни ўргатолган, гуноҳ ва савоб, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, самимий туйғуларни қалбига сингдиролган она қаҳрамондир. Унга ҳар қанча эҳтиром оз, унга ҳар қанча эҳтиром муносиб.
Мен сизни танийман, сиз ўша,
Шабнамга чайқалган покиза хаёл.
Юраги кафтига атиргул экиб,
Гулшанлар яратган муниса аёл.
Мен сизни танийман, сиз ўша,
Меҳри-ла дунёни қилган лол.
Кўнглида шукрона, дилида иймон
Атрини таратган муниса аёл.
Мен сизни танийман, сиз ўша,
Ёноғи лоларанг, сўзи бол,
Ўпиб ишқнинг пешонасидан
Бахтни етаклаган муниса аёл!
Азиза Боймуродова,
Каттақўрғон туманидаги 28-умумий ўрта таълим мактаби директори.