Бир кунлик тўй дастурхони оилани йил давомида боқиши мумкин

Сайтимизда дабдабали тўйлар, улардаги исрофгарчилик, миллий қадриятларнинг унутилаётгани ҳақидаги мақолалар чоп этилгач, муштарийлар томонидан ушбу мақолаларга муносабатлар билдирилмоқда. Уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 Дилафрўз Улуғбоева, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати:

- Агар тўй-ҳашамлар, ортиқча орзу ҳаваслар бўлмаса, Ўзбекистонда шоҳона яшаш мумкин. Бойлар янада кўпаяди. Юртдошларимиз ҳам тўй-ҳашамлардан иқтисод қилган пулларига чет элларга саёҳат қилишлари мумкин. Тўй-ҳашамларни қисқартириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Олий Мажлиснинг қарорлари қабул қилинганди. Пандемия даврида 30 кишилик тўйлар ҳам бўлди. Ҳамма бўларкан-ку, деганди ўшанда. Аммо кўп ўтмай, яна 500-600 кишилик тўйлар қилинмоқда.

Айниқса, Самарқандда дабдаба авжида. Бир кунлик тўй дастурхони шу оилани бир йил боқиши мумкин. Баъзи тўй дастурхонида қизил икрадан тортиб “янги тутилган акуланинг жигари”гача қўйилади. Сотиб олиб ейишни хаёлингизга ҳам келтирмаган таомни тўйда истеъмол қилишингиз мумкин. Агар кўнглингиз тортса.

Яқинда бир тўйда дастурхонга қисқичбақа қўйишибди. Ҳамма томоша қилди, ейилмади. Қизиқ, қанчага олган бўлса? Эсиз пул.

Тўй либослари ҳам алоҳида мавзу. Масалан, Самарқандда бир марта кийиладиган либосларга аёллар минг долларгача пул сарфлашади.

Ёшин Ҳакимов, нафақадаги ҳарбий:

- Тўй аслида қариндошлар тўпланиб, дийдорлашишга баҳонаи сабаб. Овқатлардан эса мискин ва ҳақдорлар бенасиб қолмаслиги керак. Аввал тўйларда ичкилик бўлмаган, эркак ва аёллар алоҳида ўтирган. Энди эса эркаг-у аёл бир бўлган даврада базмлар рақслару вальсларга уланиб кетади.

Тўйлар ҳашаматли бўлиши шартмас, оддий бўлсин. Қолган пулни ёшларнинг тўкин ҳаёти учун сарфлаш керак.

Умид Хўжамқулов, педагогика фанлари доктори, профессор:

- Бугунга келиб, бизнинг жамиятимизда одамларга бир қаватли уй пастлик, 4-5 хонали уй торлик қилиб қолди. Ваҳоланки, ота-боболаримиз юз йил яшайманми-йўқми, шунга шунча даҳмазами, деган хаёл билан ўзлари учун қулай, кичик уй-жойларда яшаб ўтган. Бугунги тўйлар, турли тадбир ва маъракалардаги ҳаддан ортиқ чиқимларни қайси мантиқ билан изоҳлаш ва оқлаш мумкин, деб ўйлайсиз. Таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоевнинг бундан 10-15 йил олдинги Америка таассуротлари билан боғлиқ мақоласида “Битта ўзбекнинг эрталаб соат еттида 400-500 кишига текин ош беришини оддий америкаликка тушунтириш мумкин эмас”, деган фикрни ўқиган эдим. Дарҳақиқат, фаровонлик даражасига бутун инсоният ҳавас қиладиган Америкада ҳам бизнинг тўйларимиздаги ортиқча чиқимни тушуна олишмайди. Чунки уларнинг турмуши ва амаллари ҳаётий мантиқ қоидаларига асосланган. Улар тўрт кишилик меҳмон дастурхонига бизга ўхшаб ўн кишига етадиган таом тортишмайди, қорни тўйган меҳмонни яна овқат ейишга мажбурлашмайди. Энг ёмони, меҳмонига бор-будини тўкиб солган ўша ўзбек оиласи фарзандига китоб сотиб олишга, уларни турли спорт ва фан тўгаракларига бериш учун чиқимга келганда оғринади.

Тушунарсиз мантиқ: аслида ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган нарсаларга мол-мулкимизни совурамиз, аммо келажагимиз кафолати учун маблағимиз йўқ. Бундай номақбул тушунчанинг авж олишига бизнинг атрофимиздагилар тасаввуридаги алдамчи қиёфамизни шакллантиришга, сохта ҳурмат ва ёлғон обрў қозонишга бўлган интилишимиз сабаб бўлмоқда.

Шаҳло Қурбонова, Оқдарё тумани 23-умумий ўрта таълим мактаби  ўқитувчиси:

- Бугунги тўйларда ҳар хил урф-одатлар ўйлаб топиляпти. Масалан, кейинги пайтларда тўйларда “Бу менинг онам” қўшиғига келин-куёв оналарига гул совға қиладиган одат урф бўлди. Хўш, онаси йўқ ёшлар оила қурса, нима қилади, уларнинг кўнгли ўксимайдими?

Муҳиддин Жабборов, журналист:

Исҳоқхон Тўра Ибрат ўзининг тугалланмай қолган китоби – “Замон тарозуси” асарининг олтинчи мeзонида бидъат-хурофотнинг жамиятга етказадиган зарарлари, хусусан, унинг иқтисодий зарарлари ҳақида куйиниб ёзади: “Ва ҳам жамъиятнинг никоҳ тўйида булар қиладурғон исрофлари бир киши ўғлини тааллуқ қилдурмоқ бўлганда, фотиҳа тўй дeган бир катта тўй бўладур... Ҳоли булки, шул фотиҳага бeш юз сарф бўлса, никоҳ тўй куни албатта икки минг сарф бўлур. Бу сарфларни ўғлига ва қизига бирон тийин нафъи йўқ, ўртадаги кишилар ейдур, ичадур, киядур... Сиф-сидирға балоси қалмоқдан қолган одат. Мана бу балолар устимизда оғир бир юкдур. Буни кўтаруб, мақсадга етиш бисёр қийиндур”.

Бу билан аллома бидъат-хурофот амалларининг жамиятга етказадиган иқтисодий зарарлари ҳақида халққа етарлича тушунтиришга ҳаракат қилган. Аммо бу гаплар айтилганига юз йиллар ўтган бўлса-да, унинг моҳиятини ҳалиям тушунмаяпмиз, ҳалиям ортиқча ҳаю ҳавас билан яшаяпмиз.

Бу қачонгача давом этади? Қачон исрофгарчилик, дабдаба, ҳашамга чек қўямиз?!

Хуршида Эрназарова тайёрлади.