Биз Валихўжаевнинг сабоғини олганмиз
Самарқанд давлат университетининг собиқ талабалари, улар қайси лавозимда ишласалар ёки қандай мартабада бўлсалар-да, бу даргоҳда ишлаган Иброҳим Мўминов, Убай Орипов, Яҳё Ғуломов, Воҳид Абдуллаев, Акбар Отахўжаев, Тошпўлат Ширинқулов, Шавкат Воҳидов, Толиб Мўминов, Ботурхон Валихўжаев, Сайид Шермуҳаммедов, Нуриддин Шукуров сингари улуғ олимлар, илм-фан дарғалари номини айтиб, биз шу инсонлардан сабоқ олганмиз деб фахрланишади. Номи фахр билан тилга олинадиган бундай устоз ва мураббийлар бугун ҳам университетимизда жуда кўп.
Не бахтки, бизга ҳам академик Ботурхон Валихўжаевдек илм-у зиёси кучли, тафаккури кенг, юксак маънавиятли инсондан сабоқ олиш насиб этган ва бундан қалбимиз ғурур ва ифтихорга тўлиб юради доим.
1997 йилдан ҳаётим шу қутлуғ даргоҳ билан боғланган. Университетнинг ўзбек филологияси факультетида жуда кўп улуғ инсонларнинг таълим-тарбиясини олиш бахтига эришганмиз. Жумладан, ўзбек мумтоз адабиётидан академик Ботурхон Валихўжаев дарс берардилар ва у кишидан нафақат фан, балки ҳаёт сабоғини ўрганганмиз. Домла университет раҳбариятида ишласалар ҳам ҳеч бир дарсни қолдирмай ўтардилар. Ниҳоятда майин ва самимий оҳангда сўзлаб, ҳар бир фикрни онгимизга гўё қуйиб қўярдилар.
“Мирзо Улуғбек даври мадрасалари” ва “Самарқандда олий таълим – мадрасайи олия. Университет тарихидан лавҳалар” рисолалари ўша пайтларда юртимиз олий таълим тизимининг ўтмиши илк бор асосли далиллар билан кўтариб чиқилган йирик илмий тадқиқот сифатида баҳоланганди. Б.Валихўжаев, жумладан, Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғдек мадрасайи олиясининг вориси эканлигини асослаб берганди. Албатта, бу фикр атрофида ўша пайтда ҳам кўп баҳс-мунозаралар бўлган, турли фикрлар билдирилган эди. Лекин академик олимнинг хулосалари ҳаётий ва асослилиги билан бошқаларга нисбатан “тош босиб” халқаро илмий жамоатчилик томонидан ҳам тан олинганди.
Ушбу мавзуда гап кетганда домла “Навоий Самарқандга илм-маърифат излаб келиб, буни топган ва унинг камолотида бу замин жуда катта роль ўйнаган. Сизлар ҳам ана шундай илм толибларисиз ва тарихи Мирзо Улуғбек мадрасаларига бориб тақаладиган зиё масканида ўқиганингиз билан фахрланиб юрасиз” деб кўп таъкидларди.
Кейинги йилларда Самарқанд давлат университетининг тарихий ёшини аниқлаш ва буни қайд этиш масаласи яна кўтарилганда, хусусан, Ботирхон Валихўжаевнинг фикрлари, юқорида қайд этилган рисолалар ҳам асос бўлди. Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши эса яқинда Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек мадрасайи олиясининг бевосита вориси эканлигини инобатга олиб, унинг таъсис этилиш тарихи ҳам 1420 йилда Мирзо Улуғбек мадрасаси фаолият бошлаши билан боғлиқ эканлигини қайд этди. Шу асосида жорий йилнинг сентябрь ойида Самарқанд давлат университети ташкил этилганлигининг 600 йиллик юбилейи тантанали нишонланадиган бўлди.
Бу, албатта, юртимиз илмий жамоатчилиги, университетимиз жамоаси, барчамиз учун юксак фахр. Шу билан бирга, бундан устозимиз Ботирхон Валихўжаевнинг ҳам руҳлари шод бўлгусидир.
Баҳора Юнусова,
Самарқанд давлат университети ўқитувчиси.