Биз ёвдан чекинмаганмиз…
Бутун инсониятни эзгулик ва саховат йўлида бирлаштирган тождор вирус балоси юртимизга кириб келиши билан кўрилган чора-тадбирлар бугун ўз самарасини бермоқда.
Ижтимоий тармоқлар орқали кузатяпмиз, шундай қалтис кунларда айрим давлатлар ўз фуқароларини сўрамай қўйган, балодан қутулиш учун жон бошига маблағ қийматларини белгилаган бир пайтда Ўзбекистон ўз фуқароларига беминнат ғамхўрлик кўрсатмоқда. Бу ишлар авлодларга ўрнак, оғир вазиятларда қандай йўл тутиш кераклиги борасида катта сабоқ бўлади.
Бу юртнинг Ватан шаъни, ҳар қарич ери, давлат равнақи, миллат келажаги учун бор имкониятини ишга солиб курашадиган, ориятли, виждонли фарзандлари борлиги бугун ҳар жабҳада намоён бўлаётир. Халқимизнинг асл фарзандлари айни давр тўфони ичида ўзлигини, меҳр-саховати, инсонийлигини йўқотмаганини кўрсатмоқда.
Шу ўринда Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Маҳмудхўжа Беҳбудий каби миллат тақдири учун қайғурган, керак бўлса, жонини берадиган мард ва жасур бобокалонларимиз ёдга тушади. Улар нима учун курашди, нега Ватанни мислсиз севди?
Термизий бобомиз айтганларидек, улар “ниятни йўқотмади”. Шоҳ Жалолиддиннинг тарихчи Насафийга айтган гапларини эсланг: "Ёзинг, фақат тўғрисини ёзинг. Ватан учун жон олиб, жон берган фарзандлар қаҳрамонликларини, жасоратини ёзинг. Биз ёвдан чекинмаганмиз, қўрқмаймиз ва қўрқмаганмиз. Келажак авлодлар бизни қўрқоқ ва ношуд деб билмасин. Кўрган-кечирганларингизнинг ҳаммасини ёзинг".
Шукрки, бугун ёв бостириб келгани йўқ. Лекин бу балога қарши вақтида чоралар кўрилмаганида эди, бу балои-офат худди ёғий каби ҳеч кимга: кекса-ю ёшга, дини ва эътиқодидан қатъи назар, инсониятга очиқчасига ўлим ҳавосини пуркаётган, қалбларга таҳлика ва қўрқув хавфини солган офат талафоти қирғинбарот жангларникидан кам бўлмасди.
Биз бугун сабр билан ғалаба марраларига яқинлашяпмиз. Бир халқмиз, бир тан, бир жонмиз. Худо хоҳласа, Ватан манфаати йўлида муҳим марраларни забт этамиз. Аждодлар руҳи олдида юзимиз ёруғ, авлодларга муносиб ва ибратли ҳаёт йўлини қолдирамиз.
Алишер АЛИҚУЛОВ.