Блинкен ва Лавров уруш бошланганидан бери биринчи марта учрашди
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Нью-Деҳлидаги G20 ташқи ишлар вазирлари саммити доирасида уруш бошланганидан бери илк бор юзма-юз учрашди.
АҚШ Давлат департаментининг исмини ошкор этмаган вакилининг CNN телеканалига айтишича, учрашув режалаштирилмаган ва тахминан ўн дақиқа давом этган. Буни Блинкен талаб қилган бўлса-да, журналистларга россиялик ҳамкасби билан тўлақонли икки томонлама музокаралар олиб бориш ниятида эмаслигини айтган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Россия ва АҚШ ташқи ишлар идоралари раҳбарлари G20 саммитида "йўл-йўлакай" гаплашганини тасдиқлади. “Блинкен Лавров билан мулоқот қилишни сўради. Йўл-йўлакай, йигирманинг иккинчи сессияси доирасида Сергей Викторович Блинкен билан суҳбатлашди. Ҳеч қандай музокара, учрашув ва ҳоказолар бўлмади”, дейди у.
CNN Давлат департаменти манбасига кўра, Блинкен Лавровга АҚШ Россияга қарши урушда Украинани “қанча керак бўлса” шунча қўллаб-қувватлашда давом этишини айтган. У, шунингдек, Москвани Стратегик қуролларни қисқартириш бўйича шартномада иштирок этишни тиклаш ва жосусликда айбланиб, Россияда қаттиқ режимли колонияда 16 йилга қамалган америкалик Пол Уиланни озод қилишга чақирди.
Блинкен ва Лавров сўнгги бор 2022 йил январида, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланишидан бир ой олдин Женевада бўлиб ўтган музокараларда учрашган эди.