Бобоси томонидан “зўрланган набира” иши бўйича маълумот берилди

Ижтимоий тармоқларда “Қайнотам беш ёшли қизимни зўрлади, эрим мени алиментга берди” сарлавҳаси остида тарқалган видеомурожаат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.
Мазкур видеомурожаат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиш олиб борилди. Ушбу ҳолат бўйича муқаддам Ховос тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Ховос тумани Бўстон МФЙда яшовчи фуқаро А.О 2020 йил 13 ноябрда Ховос тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, ўз мурожаатида турмуш ўртоғи В.Ж. билан 2007 йилда турмуш қурганлиги, 2020 йил 25 июнда ўрталаридаги ўзаро келишмовчиликлар сабаб, турмуш ўртоғи В.Ж билан яшамасдан ажрашиб кетганлигини, 3 нафар фарзандларидан 2 нафар вояга етмаган қизлари турмуш ўртоғининг тарбиясида қолганлигини, 2020 йил октябрь ойи ўрталарида вояга етмаган, 2015 йилда туғилган қизи Ғ.С.ни қайнотаси С.Ж зўрлик ишлатиб, ўзининг жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондирганлигини маълум қилган. Фуқаро А.О.нинг аризаси юзасидан Ховос тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан судга оид тиббий экспертиза тайинланган.
Судга оид тиббий экспертизасининг 2020 йил 12 декабрдаги № 926-сонли холисона берган тиббий хулосасига кўра, вояга етмаган Ғ.С.нинг баданида, шунингдек, жинсий аъзолари соҳасида бирон-бир тан жароҳати ёки жароҳат излари мавжуд эмаслиги кўрсатилган.
2020 йил 13 декабрь куни Ховос тумани ИИБ ТГ томонидан холатга тўлиқ ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 129-моддаси 2-қисмига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов харакатлари олиб борилмоқда.