Боғча ишчиларининг 114 миллиондан ортиқ тўланмаган иш ҳақи ундириладиган бўлди
Тойлоқ туманидаги 21-ДМТТ ишчиси З.Х. ва 13 нафар ишчилар бир йиллик иш ҳақларини тўланмагани бўйича туман адлия бўлимига мурожаат қилишган.
Мурожаат ўрганилганида ҳолат ўз тасдиғини топган.
Маълум қилинича, боғча биноси таъмирталаб ва яроқсиз ҳолга келганлиги сабабли 2020 йил давомида муассаса фаолият юритмаган. Бунинг оқибатида муассасанинг 14 нафар ходимларига фаолият кўрсатмаган давр учун мактабгача таълим ташкилоти раҳбарияти тўланиши лозим бўлган жами 114 174 858 сўмлик иш ҳақини тўламаган. Хусусан, фуқаро З.X.гa 8 537 401 сўм иш ҳақи тўланмаган.
Амалдаги Меҳнат кодексининг 244-моддасида иш берувчининг ўз молиявий аҳволидан қатъи назар, қонунчиликда, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига мувофиқ ходимлар томонидан бажарилган иш учун ҳақ тўлашни амалга ошириш мажбуриятини мустаҳкамлаш, иш ҳақини тўлаш тартиби ва муддатларига доир талабларни тартибга солиш ҳамда ходимларга иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминлаш мажбурияти белгилаб қўйилган.
Адлия бўлими Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судига даъво аризаси киритган ҳамда суднинг қарори билан муассаса масъуллари фуқаро З.Х. ва 13 нафар ишчининг 114 174 858 сўмлик иш ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.