Боғчада “чўмичга чиқмаган” 12 кг. гўшт воқеаси бўйича муносабат берилди

Кеча сайтимизда "Боғча қозонига солиниши керак бўлган 12 кило гўшт “чўмичга чиқмади” сарлавҳали хабар ва видеолавҳа эълон қилинган эди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ҳолатга муносабат билдирилди.

“Zarnews.uz сайти ҳамда ижтимоий тармоқларда "Боғча қозонига солиниши керак бўлган 12 кило гўшт “чўмичга чиқмади” сарлавҳали видеолавҳа юзасидан Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан қуйидагилар маълум қилинади.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси болаларнинг ҳаққига хиёнатни кечириб бўлмас ҳолат деб ҳисоблайди. Шу боис, бу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида бошқарма ходимларидан иборат ишчи гуруҳи ҳам жойларда мунтазам ўрганишлар олиб боради ва аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли тартибда чоралар қўллаб келинмоқда.

Жорий йилнинг 22 сентябрь куни бошқарма ишчи гуруҳи Қўшработ туманидаги 5-ДММТда ўрганишлар олиб бориш жараёнида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вилоят бошқармаси ишчи гуруҳи ҳам боғчадаги ҳолатни ўрганиш учун 5-ДММТга кириб келган.

Маълумотга кўра, ўша куни боғчага 110 нафар тарбияланувчи келган. Уларга СанПин меъёрларига кўра, 80 граммдан гўшт берилиши, 10 граммдан пишлоқ берилиши белгилангани назарда тутилса, шу куни қозонга 110 нафар болага 12 кг. эмас, 8,8 кг гўшт солиниши лозим бўлган. Шунингдек, ҳар бир болага 10 граммдан, жами, 1,1 кг. пишлоқ берилиши лозим бўлади. МТТнинг 22 сентябрь кунги таомномасида пишлоқ берилиши кўрсатилмаган. 22 сентябрь куни МТТда биринчи таомга мастава, иккинчисига чучвара тайёрлагани айтилган.

Бошқарма ишчи гуруҳи томонидан аниқланган, камчиликлар бўйича мутасаддиларга чора кўриш бўйича ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Шу ўринда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вилоят бошқармаси ишчи гуруҳига боғчаларда болалар ҳаққига қилинаётган хиёнатни аниқлашдаги кўмаги учун Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси миннатдорчилик билдиради. Бироқ СEО ва ЖСҚ вилоят мутасаддиларининг ўзлари қозонни кўздан кечираётганда, санитария-гегиена қоидаларига риоя этиб, махсус кийим бошларда ошхонага кирсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ҳолат юзасидан масъулларга кўрилган чоралар бўйича батафсил маълумот берилади”, дейилади бошқарма муносабатида.