Болани уриш тарбия усули эмас

Ижтимоий тармоқларда ота-онаси томонидан калтакланган ё турли жисмоний тазйиқлар ўтказилган болалар ҳақидаги хабарларга кўзимиз тушади. Улар бўйича жамоатчиликнинг фикри турлича. Айримлар буни жиноят деса, бошқалар тарбия усули деб атамоқда. Хўш, болаларни калтак орқали тарбиялаб бўладими? Бунинг оқибатлари қандай?

Болаларни уриб тарбиялаш, яъни бирор айби учун жисмоний жазолаш мутахассислар ва психологлар томонидан қораланади. Бундай тарбия усули боланинг руҳий саломатлиги, ўзига бўлган ишончи ва ижтимоийлашувига салбий таъсир қилади. Бу болаларда қўрқув, тажовузкорлик ривожланишига олиб келади. Қолаверса, жисмоний тазйиқ боланинг жисмоний ривожланишини ҳам кечиктириши ёки умуман, уни мажруҳ қилиб қўйиши мумкин.

Мутахассислар болалар билан шуғулланишда, аввало, уни алоҳида шахс сифатида қабул қилиб, ҳис-туйғулари билан ҳисоблашишни маслаҳат бермоқда. Шундагина ёшлар мустақил ва кучли шахс бўлиб улғаяди. Ижобий тарбия усуллари, масалан, мукофотлаш, рағбатлантириш ва тушунтириш орқали ҳам жараёнда самарали натижаларга эришиш мумкин.

Айтиш жоизки, фарзандига нисбатан жисмоний тазйиқ ўтказган ота-оналар қонун бўйича жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин. Кўплаб мамлакатларда болаларни уриш ва уларга нисбатан жисмоний жазони қўллаш қонун билан тақиқланган. Масалан, Қозоғистон Республикаси Оила кодексининг 75-моддасига кўра, болага нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик(уриш) ҳаракатларини амалга ошириш ота-онанинг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши учун асос бўлади.

Юртимизда ҳам болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг қонуний асослари яратилган. Хусусан, Оила кодексининг 79-моддасида ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилган, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлган, жумладан, уларга жисмоний куч ишлатган ёки руҳий таъсир кўрсатган ота-оналар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши белгиланган. Шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар Омбудсмани) фаолияти йўлга қўйилган. У боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тиклаш сингари муҳим вазифа ва ваколатларга эга. Бундай институт асосан дунёнинг ривожланган мамлакатларида, жумладан, Австрия, Бельгия, Германия, Дания, Исландия, Испанияда мавжуд ва ўз самарасини бермоқда.

Яна бир муҳим ҳужжат 2024 йил 14 ноябрь куни қабул қилинган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳисобланади. Ушбу қонун билан боланинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қиладиган, жисмоний ва руҳий азоб етказиши мумкин бўлган барча ҳолатлар учун тегишли ҳуқуқий ва ижтимоий чоралар кўрилиши белгиланди.

 Қонунда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича якка тартибдаги чора-тадбирлар белгиланиб, зўравонликдан жабрланганларга ҳимоя ордери бериш қайд этилган.

Чарос Эшмаматова.