SOS Болалар маҳалласи: Муассасадан оилаларга кўчган парвариш

*1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Дунё дунё бўлиб яралибдики, фарзанд инсон умрининг кўрки, мазмуни ва лаззати ҳисобланади.

Ҳақиқатан, бола – бир гул, унинг парвариши эса нафақат ота-оналарга, балки атрофдаги барча одамлар зиммасига муайян масъулият юклайди. Мамлакатимиз аҳолисининг учдан бир қисмини болалар ташкил қилар экан, уларнинг камолини тугал кўриш учун алоҳида эътибор, ғамхўрлик кўрсатишимиз зарур. Бугунги кунда ушбу вазифа давлатимиз миқёсидаги кенг қамровли амалий фаолиятга айланиб улгурди. Болалар фаровонлигини таъминлаш, уларнинг соғлом вояга етишига эришиш учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 ноябрдаги 738-сонли қарори қабул қилинди. Айнан шу қарорга асосан SOS Ўзбекистон Болалар маҳаллалари уюшмаси болаларни муқобил парвариш қилиш борасида ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Бундан ташқари, филиалимиз бошқа хизматларни ҳам амалга ошириб, нотинч, муаммоли оилалардаги болалар билан ишлаш, оилавий уйлардан чиқиб, мустақил ҳаётга қадам қўйган ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш билан ҳам шуғулланмоқда.

Қарийб 20 йил давомида узоқ муддатли оилавий васийлик доирасида етим ва ота-она қарамоғисиз қолган 376 нафар болани ижтимоий ҳимояга олиб тарбияладик.

Бугунги кунда “Болаларни муқобил парвариш қилиш хизмати” йўналишида 45 нафар болажонлар 8 та оилавий болалар уйларида SOS-оналари ғамхўрлигида ва “Қисқа муддатли муқобил парвариш қилиш” йўналишида 12 нафар бола тўлақонли оила фарзандлари сингари тарбияланмоқда. Шунингдек, 6 та оилавий болалар уйларига ҳамроҳлик қилиб келмоқда.

 “Болаларни муқобил парвариш қилиш хизмати”

Ушбу йўналиш тарбияланувчиси Шерзод Шерматов филиалнинг жамиятдаги маҳаллаларга интеграция қилинган оиласига жойлаштирилган. Ўрта мактабда таълим олишни давом эттириш мақсадида мазкур оилага яқин бўлган 12-умумий ўрта таълим мактабида ўқий бошлади. Шерзод интеграция оиласига тезда мослашиб, руҳий ҳолати барқарорлашди, оиладаги бошқа болалар билан илиқ оилавий муносабатлар ўрнатилди, соғлиғидаги баъзи камчиликлар бартараф этилиб, соғлом турмуш тарзи асосида яшай бошлади. Шерзод 12-умумтаълим мактабида барча тенгдошлари ва устозлари меҳрини қозонди, дастлабки йилларда фанларни 4-5 баҳоларга ўзлаштирган бўлса, кейинги йилларда баҳоларини тўлиқ 5 баҳоларга кўтарди, дарсдан бўш вақтлари фан ва спорт тўгаракларига қатнашиб, ўз устида мустақил ишлади, билимлар орттирди, шу билан бир қаторда, жисмонан соғломлашди. 2022-2025 йиллар давомида “Эрудит” ўқув марказида рус, инглиз тилларини ўрганди, айниқса, инглиз тилини аъло даражада ўзлаштириб, мустақил гапириш даражасига ўтди, спорт турларидан эса Самарқанд шаҳар 2-Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг якка кураш ва бокс тўгаракларида спорт сирларини ўрганди. Шерзод оилада опа-укаларига меҳрибон, SOS она тарбиячига яқиндан кўмакчи. У келажакда етук футболчи ёки инглиз тилини пухта ўрганиб, таржимонлик соҳасида ишлашни орзу қилади, орзулари йўлида тинмай меҳнат қилади.

 

“Ижтимоий етимликнинг олдини олиш”

Бу хизмат фаолияти ва бу хизматнинг болаларнинг оилада тарбиясини таъминлаш ва уларни оилада сақлаб қолиш борасида Самарқанд шаҳри маҳаллалари билан ҳамкорликда бугунги кунга қадар 342 (бугунги кунда 112 оила) та оила 846 (бугунги кунда 284) нафар болаларга хизмат кўрсатиб келмоқда.

“Ёшларга ҳамроҳлик қилиш”

Ушбу хизматда ҳозирда 63 нафар ўғил-қиз қўллаб-қувватланмоқда.

Хизмат 2008 йилдан буён фаолият кўрсатиб келади. Хизматнинг асосий мақсадларидан бири муқобил парваришлаш хизматида тарбияланган ўғил-қизлар мустақил яшаши учун уларнинг имкониятларини оширишдан иборат. Шунингдек, болаларнинг таълим олиши, касб ўрганиши, муқим яшаш жойига эга бўлиши ва жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишдан иборат.

Ҳозирга қадар 105 нафар ўғил-қиз мустақил ҳаётга қадам қўйган. 77 нафар ёшлар давлат томонидан ажратилган уй-жойга эга бўлишган, 7 нафар ёшларнинг ота-онасидан қолган уйлари реконструкция қилинишга кўмаклашилган. 102 нафар ёшлар давлат ва хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кирган, ҳозирга қадар 36 нафари олий таълимда ўқишини тамомлаган. 13 нафар ёшлар касб-ҳунар техникумларини битирган. 7 нафар ёшлар касб-ҳунар курсларини тамомлаб, меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Хизмат доирасида жамиятда мураккаб ҳаётий вазиятга тушган ва давлат муқобил парваришлаш хизматларининг 36 нафар битирувчилари қўллаб-қувватланди.

Бу ёшлар олий таълимда ўқиши билан бирга жамият ҳаётида, ёшлар фаолиятига оид тадбир ва учрашувларда фаол иштирок этишади. 2023 ва 2024 йилларда Беларус давлатида ташкил қилинган ёшлар форумида 4 нафар ёшлар фаол иштирок этди. 25 нафар ўғил-қизлар ҳайдовчилик курсларида ўқиб, гувоҳномага эга бўлди.

Ҳозирда 45 нафар ёшлар оила қурган ва улардан 40 нафари фарзандли бўлган.

Бола мисоли бир ниҳол, уни парваришлаш, ғамхўрлик қилиш ва йўналтириш зарур. Шундагина улар жамиятимиз равнақи йўлидаги фидойи инсонлар бўлиб етишади.

Дилрабо Давронова,

SOS Ўзбекистон Болалар маҳаллалари уюшмасининг Самарқанд шаҳридаги филиали директори.