Айрим мамлакатлар болаларига интернетга киришни чеклаяпти
Айрим мамлакатлар интернет хавфсизлиги ва ёшларнинг руҳий саломатлиги билан боғлиқ хавотирларни далил келтириб, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун минимал ёш чекловларини жорий этмоқда.
Reuters ва Euro Weekly материалларига асосланган харитада ижтимоий платформаларда ёш чекловларини жорий этган ёки бу масала расман кўриб чиқилаётган 15 мамлакат ва АҚШнинг иккита штати кўрсатилган.
Австралия 2025 йил декабрь ойида вояга етмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлаш қонунини кучга киритган дунёдаги биринчи давлат бўлди. Давлат қонунчилиги 16 ёшдан кичик шахсларга ижтимоий тармоқлар, жумладан, TikTok ва YouTube каби йирик платформалардан фойдаланишни тақиқлади. Аккаунтлари бўлган ёш фойдаланувчилар автоматик равишда тизимдан чиқарилди. Фойдаланувчиларнинг ёшини текшириш учун “оқилона чоралар” кўрмаган компаниялар 34,9 миллион Австралия доллари миқдорида жаримага тортилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Франция парламентининг қуйи палатаси ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун 15 ёшни қонун билан белгилашга овоз берди. Энди қонун лойиҳаси Сенат томонидан маъқулланиши кутилмоқда.
Португалияда қабул қилинган қонун 16 ёшгача бўлган фойдаланувчилар учун “аниқ текширилиши мумкин бўлган ота-оналарнинг розилиги”ни талаб қилди. 13 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоққа кириши умуман тақиқ остида қолди.
Греция, Испания, Дания, Норвегия, Германия, Италия, Словения ва Чехия каби бир қатор Европа давлатларида ҳам худди шундай ташаббуслар муҳокама қилинмоқда.
Малайзия аллақачон ана шундай ёш чекловларини қабул қилган. Индонезия ва Янги Зеландия давлатларида хам шунга ўхшаш чоралар кўриб чиқилмоқда. Буюк Британияда ёш чекловларига оид таҳлиллар ишлаб чиқиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Америкада бу масалани тартибга солиш алоҳида штатлар даражасида белгиланади. Виржиния штатида агар ота-оналар рози бўлмаса, 16 ёшгача бўлган фарзандларининг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чекловчи қонун қабул қилинди. Небраскада вояга етмаганлар учун платформанинг айрим функциялари, жумладан, видеоларни мустақил тарзда жойлаштириш, чексиз айлантириш ва фойдаланувчиларни жалб қилишни чеклашга қаратилган қонун тасдиқланди.
Эндиликда бошқа давлатлар ҳам шундай чораларни қўллашни муҳокама қилмоқда.