Самарқандда қанча аҳоли интернетдан фойдаланмоқда?
“Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси оптик толали алоқа тармоқларини қуриш, кенг полосали уланиш портларини ўрнатиш ва хизматлар кўламини кенгайтириш ишларини давом эттирмоқда.
Хўш, бугунги кунда вилоятимиз аҳолисининг неча фоизи интернет тармоғига уланган? Эски тармоқларни замонавий оптик толали линияларга алмаштириш қандай кечоқда? Аҳолига енгиллик бериш мақсадида ўтказилаётган акцияларнинг натижасидан кўнгил тўладими?
- Вилоятимиз ҳудудида 4957 км оптик-толали алоқа линиялари қурилиб, умумий узунлиги 22.254 километрга етказилди ва интернетдан фойдаланувчилар сони 122 минг нафардан ошди, -дейди “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси Самарқанд филиали директори ўринбосари Жавоҳир Орифий матбуот уйида бўлиб ўтган журналистлар билан учрашувда. - Юқори тезликдаги интернет хизматларини кўрсатишга мўлжалланган қурилмаларнинг умумий сиғими 101 998 та портгача оширилди.
- Вилоятдаги маҳалла ва қишлоқларнинг 95,2 фоизи оптик толали алоқа линиялари билан қамраб олинди. Бир йил ичида қарийб 68 минг истеъмолчи телекоммуникация хизматларига уланди.
Жорий йилнинг ўтган даврида 1254 километр оптик толали алоқа линиялари қурилиб, 12 та аҳоли гавжум масканларда Wi-Fi зоналари ташкил этилди.
- Ҳозирда Самарқанд шаҳар аҳолисининг 67,4 фоизи интернет тармоғига уланган бўлиб, бу кўрсаткич йил якунигача 90 фоиздан ошади, - дейди компаниянинг Самарқанд шаҳар телекоммуникациялар боғламаси бошлиғи Ў.Қўшбоқов. – Жорий йилда 167 километр оптик толали алоқа линиялари қурилиб, уларнинг узунлиги 1487 километрга етказилди. Шунингдек, йил охиригача яна 414 километр оптик толали алоқа тармоғи тортиш ва Ягона савдо офисини ташкил этиш кўзда тутилган.
Мис толали алоқа линияларини оптик толалига ўтказиш бўйича ҳам ишлар босқичма-босқич ишлар давом этмоқда.
“Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси томонидан уюштирилаётган акциялар доирасида аҳолининг интернетга уланишини тезлаштириш мақсадида 1090 қисқа рақами орқали мурожаат қилиш мумкин бўлади. Ва бир кун ичида янги уланувчининг техник имкониятлар ўрганилиб, тармоққа уланади. Янги уланаётган абонентлар учун маълум шартлар асосида модем қурилмаси ва 100 метргача оптик толали абонент кириш симлари бепул тақдим этилмоқда. Тарифлар нафақат юқори тезликдаги интернет, балки бепул IP-телефония ва IP-TV хизматларини ҳам ўз ичига олади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.