Шифо ўрнига зарар бўлмасин: дорини тўғри қўллайлик

Ота-она фарзандининг доим соғлом, бахтли ва баркамол инсон бўлиб вояга етиши учун қайғуради. Бироқ ҳозирги тезкор ҳаёт тарзида болалар саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар ҳам ортиб бормоқда.

Айниқса, дори воситаларидан нотўғри фойдаланиш ва турли кимёвий моддаларга бепарво муносабат жиддий хавф туғдириши мумкин.
Кўп ҳолларда бола шамоллаганда ёки тана ҳарорати кўтарилганда ота-оналар шифокор маслахатисиз ўзбилармонлик билан дори беришга шошиладилар. Баъзан эса таниш-билишлар тавсия қилган дорилардан фойдаланилади. Аммо ҳар бир дори воситасининг ўзига хос таъсир механизми, дозаси ва ножўя таъсирлари борлигини унутмаслик керак. Катталар учун нисбатан хавфсиз бўлган баъзи препаратлар бола организмига жиддий зарар етказиши мумкин.

Шу боис фармацевтик билимларнинг аҳамияти катта. Фармацевтика дори воситаларининг таркиби, сифати, хавфсизлиги ва самарадорлигини ўрганади. Токсикология эса инсон организмига зарарли моддаларни аниқлаш ва уларнинг таъсирини олдини олиш билан шуғулланади. Бу билимлар нафақат мутахассислар, балки ҳар бир ота-она учун ҳам зарур ҳисобланади.

Ҳозирги кунда болалар орасида уй шароитида заҳарланиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Дори-дармонларни болалар ета оладиган жойда қолдириш, кимёвий воситаларни ичимлик идишларига солиб қўйиш ёки улар ҳақида етарли тушунтириш бермаслик оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун уй шароитида дори ва кимёвий моддаларни сақлаш қоидаларига қатъий амал қилиш ҳар бир ота-онанинг бурчидир.

Фармацевтик ва токсикологик кимё соҳасида олиб борилаётган таълим ва илмий тадқиқотлар ҳам айнан аҳоли, хусусан болалар саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган. Бу йўналишда мутахассислар дори воситаларининг сифатини назорат қилиш, уларни хавфсиз қўллаш ҳамда заҳарли моддаларни аниқлаш усулларини такомиллаштириш устида иш олиб бормоқда.

Аслида фарзандларимизнинг соғлом келажаги биринчи навбатда ота-оналарнинг масъулиятига боғлиқ. Ҳар бир ота-она ўз-ўзига “Мен фарзандим саломатлигини асраш учун етарли даражада эътибор беряпманми?” деган саволни бериб кўриши керак. Чунки оддий бир дори ёки уйда очиқ қолдирилган кимёвий модда ҳам бола ҳаёти учун хавфли бўлиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, болалар саломатлиги нафақат тиббиёт ходимларининг, балки ҳар бир ота-она, педагог ва бутун жамиятнинг умумий масъулиятидир. Фарзандлар соғлигига бугун қаратилган эътибор эртанги куннинг мустаҳкам пойдеворидир. Соғлом болалар эса – мамлакатимизнинг энг катта бойлиги ва порлоқ келажагидир.

Тоҳиржон Анваров,
Самарқанд давлат тиббиёт университети фармацевтик ва токсикологик кимё кафедраси ўқитувчиси, PhD
.