Ўзбекистон мобил интернет нархлари бўйича Қирғизистонга ён бериб, Қозоғистонни ортда қолдирди

Ўзбекистонда мобил интернетнинг ўртача тарифи бир йил ичида деярли 40 фоизга пасайганини Cable.co.uk. портали маълум қилди.

Май ойи ҳолатига кўра, 28 та тариф режасини таққослаш асосида 1 ГБ мобил трафик ўртача 0,3712 АҚШ долларини ташкил этади. Бу кўрсаткич бўйича республикамиз дунёда 15-ўринда, МДҲда эса Қирғизистондан кейин 2-ўринда турибди.

2021 йилда эса Ўзбекистон бир гигабайт учун ўртача 0,6 долларлик трафик нархи билан 22-ўринни эгаллаган. Мобил интернет бўйича Қирғизистондан ташқари Қозоғистон ҳам 0,59 доллар билан олдинда эди.

Сўнгги икки йилда позицияларда янада сезиларли ўзгаришлар юз берди. 2020 йилда Ўзбекистон 55-ўринни (1,34 доллар), 2019 йилда эса 69-ўринни (3,27 доллар) эгаллади. Бошқача айтганда, уч йил давомида мобил интернет ўртача 8,8 баробар арзонлашди.

Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларидаги энг арзон трафик энди Қирғизистон томонидан таклиф қилинмоқда – бир гигабайт учун 0,17 доллар. Дунёда у бир йилда тўрт поғонага тушиб кетган ҳолда 6-ўринни эгаллаб турибди.

Бироз фарқ билан Қозоғистон (0,3726 доллар) Ўзбекистондан бир қатор пастда. Украина ўртача 0,43 доллар билан 24-ўринни, Россия 30-ўринни (0,48 доллар) эгаллади.

Минтақада энг қиммат интернет Туркманистонда (1 Гб учун 14,27 доллар ва 227-ўрин). Тожикистон ҳам юқори тарифлар билан ажралиб турган ҳолда 131-ўринни эгаллади (1,94 доллар).

Муаллифлар фикрича, паст мобил интернет нархлари ривожланган инфратузилма ва юқори талабга боғлиқ. Ўз навбатида, ривожланган мамлакатларда трафик кўпинча қимматроқ туради.

Исроил энг ҳамёнбоп мобил интернетга эга мамлакат сифатида тан олинган бўлиб, бир гигабайт учун ўртача нарх $0,04. Иккинчи ўринда Италия (0,12 доллар), учинчи ўринда Сан-Марино (0,12 доллар). Шунингдек, кучли бешликдан Фижи (0,15 доллар) ва Ҳиндистон (0,17 доллар) жой олди.

Аутсайдерлар рўйхатига асосан орол ҳудудлари – Британияга қарашли Сент-Елена ороллари (41,06 доллар) ва Фолкленд ороллари (38,45 доллар), шунингдек, Сан-Томе ва Принсипе Республикаси (29,49 доллар) киради.