Ижтимоий тармоқлар ҳаётимизни енгиллаштиряптими, мураккаблаштиряптими?
Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Мен ҳам ҳар куни инстаграм, телеграм ёки ТикТокдан фойдаланаман.
Улар орқали янгиликларни билиб оламиз, дўстларимиз билан мулоқот қиламиз ва керакли маълумотларни топамиз. Лекин, ижтимоий тармоқлар нафақат фойда келтиради, балки одамларнинг фикрлаши ва кайфиятига ҳам таъсир қилади.
Мен кўпинча ижтимоий тармоқларда одамлар ўз ҳаётининг фақат яхши томонларини кўрсатишини кузатаман. Масалан, саёҳатлар, совғалар, байрамлар ёки турли ютуқлар ҳақида постлар жойлаштирилади. Шунинг учун баъзан бошқаларнинг ҳаёти жуда мукаммалдек туюлади. Аслида эса ҳар бир инсоннинг ўз муаммолари ва қийинчиликлари борлигини унутиб қўямиз.
Бу ҳолат одамнинг ўзига бўлган ишончига ҳам таъсир қилиши мумкин. Айрим одамлар ўзини бошқалар билан солиштира бошлайди. Менимча, бу нотўғри, чунки биз бошқаларнинг ҳақиқий ҳаётини эмас, балки улар кўрсатмоқчи бўлган қисмини кўрамиз.
Яна бир муаммо шундаки, ижтимоий тармоқлар кўп вақтимизни олади. Кўпчиликда шундай ҳолат бўлган: телефонни бир неча дақиқага очасиз, лекин вақт қандай ўтганини сезмай қоласиз. Натижада ўқиш ёки бошқа фойдали ишлар учун камроқ вақт қолади.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларнинг фойдали томонлари ҳам бор. Улар орқали янги нарсаларни ўрганиш, чет тилларини машқ қилиш ва дунёнинг турли жойларидаги инсонлар билан танишиш мумкин. Мен ўзим ҳам баъзи фойдали маълумотларни айнан ижтимоий тармоқлар орқали олганман.
Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий тармоқларнинг ҳам фойдали, ҳам зарарли томонлари бор. Ҳаммаси улардан қандай фойдаланишимизга боғлиқ. Агар вақтни тўғри тақсимласак ва виртуал ҳаётни ҳақиқий ҳаёт билан аралаштириб юбормасак, ижтимоий тармоқлар биз учун фойдали восита бўлади.
Рухшона Рустамова,
Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси.