Эбола авжи жиддий тус олмоқда: нималар маълум?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълум қилишича, Конго Демократик Республикасидаги Эбола безгаги тарқалишига қарши курашиш учун яқин уч ой ичида 115 миллион доллар маблағ талаб этилади.

Шунингдек, ташкилот инқирозга қарши чора-тадбирларда иштирок этаётган тузилмалар ҳозирча зарур молиялаштиришнинг атиги 35 фоизи билан таъминланганини билдирди.
ЖССТнинг чоршанба куниги маълумотларига кўра, Конго Демократик Республикасида Эбола билан касалланишнинг 344 та ҳолати тасдиқланган бўлиб, улардан 60 таси ўлим билан якунланган. Қўшни Угандада эса тўққиз нафар бемор аниқланган, бир киши вафот этган. Шунингдек, касалликка гумон қилинган яна бир ҳолат қайд этилган.

Касаллик илк бор аниқланган Итури вилоятида Эбола даволаш марказлари ва шифохоналарга бир неча бор ҳужум қилингани сабабли тиббиёт ходимлари хавфсизлиги масаласи долзарб бўлиб қолмоқда.
Давом этаётган зўравонликлар туфайли тиббий хизматлар учун касалланганлар билан мулоқотда бўлган шахсларни кузатиш, янги ҳолатларни аниқлаш ҳамда беморларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш тобора қийинлашмоқда.

Конго Демократик Республикаси ва қўшни Уганда ҳам Эбола эпидемияси хавфи остида. Энг ёмон вазият ҳозирда Эбола эпидемияси авж олаётган шарқий Итури, Шимолий Киву ва Жанубий Киву вилоятларида кузатилмоқда.

Эбола вируси илк бор 1976 йилда ҳозирги Конго Демократик Республикаси ҳудудида аниқланган бўлиб, касаллик ўз номини ўша ердаги Эбола дарёсидан олган.

Гулнора Холдорова тайёрлади.