Депутат сўрови натижасида Саидазим дарддан фориғ бўлди

Сайловчиларим билан ўтказиладиган учрашувларда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий соҳа муассасалари фаолияти билан боғлиқ мурожаатлар қаторида, айрим юртдошларимиз ўзи ёки яқинлари дуч келган муммолар, оғир вазиятлар ҳақида айтиб, ёрдам сўрашади.

Май ойи бошларида ўтказилган шундай учрашувларимизнинг бирида Паст Дарғом тумани Янгиобод маҳалласида яшовчи Эшмурод Пардаев фарзандини даволатишда кўмак сўради. Унинг айтишича, шифокорлар 2025 йилда туғилган ўғлининг юрагида нуқсон борлигини билдириб, жарроҳлик амалиёти ўтказишни тавсия этишган. Аммо бундай мураккаб жарроҳлик амалиёти харажатларига оиланинг маблағи йўқ экан.

Мурожаатчи тақдим этган ҳужжатлар асосида вазиятни баён қилиб, амалий ёрдам беришни сўраб 15 май куни Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғига депутатлик сўрови юбордим. Бошқарма томонидан сўровимга ўз вақтида жавоб берилди ҳамда масъуллар мен ва мурожаатчи билан боғланиб, ҳолат бўйича қўшимча маълумотларни сўраб олишди. Гўдакни операция қилиш харажатлари вилоят Кенгаши депутатлари учун ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланди ва вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази билан шартнома тузилди.

Яқинда марказда Саидазимжоннинг юрагида жарроҳлик амалиёти бажарилди ва у дарддан фориғ бўлди. Айни кунларда бола ва унинг онаси ушбу шифохонада даволанишни давом эттирмоқда. Ҳар куни гаплашиб турибман, ота-она фарзандлари саломатлиги тикланганидан хурсанд, давлатимиздан миннатдор.
Ана шундай пайтларда депутат, халқ вакили бўлиб, одамларга ёрдамим тегаётганидан енгил тортаман, сайловчиларим ишончига муносиб бўлишга интиламан.

Гулбека Қўчқорова,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.