“Ёш қутқарувчи” мусобақасининг республика босқичи ғолиблари аниқланди

Хабар берганимиздек, 1–3-июн кунлари Самарқандда умумтаълим мактаблари ва профессионал таълим муассасалари ўртасида “Ёш қутқарувчи” кўнгиллилар мусобақасининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Мусобақа давомида жамоалар 5 та шарт бўйича ўзаро беллашиб, ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, билим ва амалий кўникмаларини намойиш этдилар.
Якуний натижаларга кўра, умумтаълим мактаблари ўртасида 1-ўрин Тойлоқ тумани 17-сонли умумтаълим мактаби ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги 31-сонли умумтаълим мактаби жамоаларига насиб этди.

2-ўринни Тошкент шаҳри Учтепа тумани 295-сонли умумтаълим мактаби жамоаси, 3-ўринни Жиззах вилояти Пахтакор тумани 2-сонли умумтаълим мактаби жамоаси эгаллади.
Профессионал таълим муассасалари ўртасидаги баҳсларда эса 1-ўринга Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги 1-сон техникум жамоаси лойиқ кўрилди. 2-ўринни Тошкент шаҳри Сергели туманидаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми жамоаси, 3-ўринни Жиззах вилояти ички ишлар вазирлиги қошидаги Жиззах академик лицейи жамоаси қўлга киритди.

Мусобақанинг ёпилиш маросимида сўзга чиққан Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Н.Кадиров, вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Тўхтаев юртимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритиб, мусобақа иштирокчиларини эришган натижалари билан табриклади ҳамда келгусидаги фаолиятларида муваффақиятлар тилади.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.