Иқтидор маҳоратга таянч

Самарқанд давлат тиббиёт университетида соҳага оид янги адабиётлар тақдимоти ўтказилди

Инсон комиллиги учун иқтидорнинг ўзигина кифоя қилмайди. Бунинг учун хаёлда муддао, кўнгилда иштиёқ ва бардош ҳам бўлмоғи лозим. Табиийки, бу хислатлар ҳар бир касбда ҳам малаканинг, маҳоратнинг шаклланишига хизмат қилади. Тиббиёт университетида ўқув жараёнига айнан ана шу шиор мақсад қилиб қўйилган.

Шу сабабли давлатимиз раҳбари бошлаб берган китобхонлик ҳаракати доирасида ўтказилган тадбирда дастлаб ҳар бир кафедра бўйича талабалар стартап лойиҳалари ва предметларни ўрганиш жараёнида қўлланилган амалий тажрибаларни намойиш этдилар. Шуни айтиш керакки, инсон организмининг 3D принтерида ясалган барча органлари айнан талабалар томонидан амалга оширилмоқда ва бу нарса организмлар фаолияти бузилишини англашга ёрдам бермоқда. Баъзи талабалар лазер йўли билан операция жараёнини кўрсатиб туриш ускунасини ҳам ясашган. Бундай тажриба жарроҳлик йўлидаги ҳадикларни енгиб ўтишда қўл келади.

Анжуманнинг асосий қисмида 2026 йилда университет олимлари томонидан яратилган янги дарсликлар, қўлланмалар, рисолалар, услубий тавсиялар тақдимоти ўтказилди.

Университет ректори, профессор Жасур Ризаев илмий тавсиялар, ишлаб чиқариш билан боғлиқ жараёнларга тўхталди. Ҳар бир китобнинг дорилфунун нуфузига, таълим сифатига бераётган самаралари ҳақида гапирди.

Ана шундай илмий тадқиқотлар ва юксак малака натижасида Самарқандда жуда кўплаб нозик жарроҳлик операциялари ҳамда муолажалар амалга оширилаётганлиги фикримизнинг исботидир. Бинобарин, талабалар 3D принтерида ясаган юзга яқин ўқув қуроллари эндиликда республикадаги бошқа тиббиёт олийгоҳлари томонидан ҳам харид қилинмоқда.

Китоб муаллифлари ўз асарлари юзасидан тўпланганларнинг кўплаб саволларига жавоб қайтардилар.

Журналист ва адиб Ф.Тошев анжуман қатнашчилари ҳузурида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган китобхонлик ҳаракатининг аҳамияти ва унинг ижтимоий муҳитга берадиган самараси ҳақида гапирди.

Дарвоқе, тадбир давомида йигит-қизларда китоб ўқишга қизиқиш кундан-кунга ортиб бораётганлиги таъкидланди.