Тиббиёт университети талабаси: "Мактабдаги ўқитувчимизнинг бепул тўгаракларида тайёрланиб талаба бўлдим"

Каттақўрғон туманида оддий оилада туғилганман. Дадам - фермер хўжалик ишчиси. Онам – уй бекаси. Ҳалол меҳнати билан тўрт фарзандни вояга етказди. Аслида дадам шифокор бўлишни орзу қилган. Бир неча бор шу йўналишда олий таълим муассасасига имтихон топширган, аммо айрим сабабларга кўра ўтолмаган.

Кейинчалик фарзандларидан бири, албатта шифокор бўлишини чин дилдан истаган. Оилада кенжаман. Акаларим ҳам дадамнинг бу орзусини амалга оширолмаган. Шундан сўнг бор умиди мендан эди.

Ҳали эсимни таниб улгурмасимданоқ, болалар билан ўйнаганимда шифокор ролини ижро этган эканман. Шунинг учун мактабда юқори синфга ўтганимданоқ, дадам менга ботаника, биология ва кимё фанларини чуқур ўрганишимни тайинлаган. Бу фанларга ўзимнинг ҳам қизиқишим юқори эди.

Мактабимизда биология ва кимё ўқитувчиси Дилфуза Низомова дарсни жуда қизиқарли қилиб ўтарди. Ҳар бир фанни алоҳида кўча сифатида тасаввур қилишимизни айтарди. Масалан, Ботаника кўчаси, Зоология кўчаси. Хаёлан шу “кўча”лар бўйлаб саёҳат қилардик. Менинг бу фанларга қизиқишимни кўриб, қўшимча дарсларга, яъни тўгаракларга ҳам қатнашишимни айтди. Тўлов қилишга имкониятим йўқлигини айтолмай турганимда, ўзи бепул ўқитишини таъкидлади. Кейин билсам шароити оғирроқ оила фарзандлари учун устознинг тўгараклари бепул экан. Шу имкониятдан фойдаланиб, қунт билан ўқидим ва натижага эришдим. Шифкорликка биринчи қадамни ташладим, яъни шу йил мактабни битирибоқ Самарқанд давлат тиббиёт университети талабаси бўлдим.

Бир ҳафтадан зиёдроқ вақт давомида талабалик завқи билан яшаяпман. Университет ва унинг клиникаларида ўқиш ва амалиёт ўташ учун барча имкониятлар бор. Бундан оқилона фойдаланган ҳолда эл дардига малҳам бўладиган, ота-онам ва устозларимнинг ишончини оқлайдиган шифокор бўламан. Асосийси, дадамнинг ушалмаган орзусини амалга ошираман.

Достон АСРАЕВ.