Уч ойда 6 мингдан зиёд бола оилавий боғчаларга қамраб олинди
Самарқандда жорий йилнинг иккинчи чорагида Мактабгача таълим вазирлиги билан 258 нафар тадбиркорлик субъекти ўртасида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этиш учун битим тузилди. Натижада 6450 нафар 3-7 ёшли болалар сифатли мактабгача таълим билан қамраб олинишига эришилди.
Мазкур оилавий боғчаларнинг асосий қисми вилоятнинг чекка ҳудудларида, болалар боғчаси мавжуд бўлмаган маҳаллаларда ташкил этилди.
Президентининг 2021 йил 10 июндаги “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига мавжуд қувватга қараб 50 нафаргача болани тарбиялашга ҳамда тарбияланувчилар сонидан келиб чиқиб 4 нафаргача тарбиячи ва ёрдамчилар ёллашга рухсат берилиши белгиланди. Мазкур қарор билан фаолият юритаётган ва янги ташкил этиладиган оилавий мактабгача таълим ташкилотлари қувватини 50 нафаргача ошириш ҳамда 15 та хусусий мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш орқали 2021 йилда 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичини 80 фоизга етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, мактабга тайёрлашнинг бепул тизими билан қўшимча 217 та гуруҳларга 7 минг нафар 6 ёшли бола қамраб олиниб, улар қамрови 80 фоиздан 90 фоизгача етказилиши кутилмоқда.
Вилоят мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати.